Сўнгги ўн йилда дунё бўйича 2,5 миллион киши чўкиш оқибатида бевақт ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоботида сўз боради.
Бахтсиз ҳодисаларнинг 90 фоизи қашшоқ ва камбағал давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Чўкиш оқибатида вафот этганларнинг асосий қисми 1-4 ва 5-9 ёшдаги болалардир.
Вазиятни хавотирли деб баҳолаган ЖССТ фожиаларнинг олдини олиш учун амалий ҳаракатлар қилиш, биринчи навбатда боғча ёшидаги болаларга сузишни ўргатишни тавсия қилган. Бу мақсадда сарфланган бир доллар ўн карра юқори даромад келтиради. Энг асосийси, юз минглаб ўлим ва бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинади, деб ҳисоблайди халқаро ташкилот.
«Самарали профилактик чора-тадбирлар, тизимга кўпроқ маблағ ажратиш ва аҳоли хабардорлигини ошириш кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради», – дейди ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.
Қайд этилишича, Бангладеш, Жанубий Африка Республикаси, Тайланд, Вьетнам каби давлатлар чўкишнинг олдини олиш бўйича жиддий чоралар кўрмоқда. Халқаро тузилма бошқа давлатларни ҳам ушбу муаммога эътибор қаратишга ундамоқда.
Жорий йил май ойида ЖССТ илк бор чўкишларнинг олдини олишга доир резолюция қабул қилди. Ушбу ҳужжатга кўра, бу бўйича глобал иттифоқ тузилади.
Ўзбекистонда ҳам чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тез-тез рўй беради. Расмий рақамларга кўра, жорий йилнинг 5 ойи давомида 57 киши сувда чўкиб вафот этган, улардан 26 нафари вояга етмаганлардир. Масалан, жорий йил июнь ойида Тошкент вилоятида 6 ёшли бола чўкиб кетган. Марҳум болакайнинг жасадини топишда ҳам муаммо юзага келган.