АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 2020 йилги сайловларга аралашганликда айбланиб, 50 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бироқ у қамалган тақдирда ҳам, Америка қонунларига кўра, махфий хизмат Трампнинг хавфсизлигини таъминлашда давом этади. Бу ҳақда “EADaily” хабар берди.
АҚШ қонунчилигида давлатни алдаш жарима ва беш йилдан ортиқ бўлмаган қамоқ, расмий жараёнга тўсқинлик қилиш 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, ушбу жиноятни содир этиш учун «фитна» уюштиришга ҳам бир хил миқдордаги жазо назарда тутилади. Бундан ташқари, қонунларга қарши фитна 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланишига сабаб бўлиши мумкин. Аммо бу жиноятнинг оқибатида кимнингдир вафот этиши вазиятни мураккаблаштиради. Айбдор шахсга эса умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Махсус прокурор Жек Смит Трамп тарафдорлари томонидан Капитолийга бостириб кирилиши чоғида бир намойишчи ва бир полициячи ҳалок бўлганини эслатиб, сиёсатчига қўйилган айбловларни кучайтирмоқда.
Айблов хулосасига кўра, судьялар ҳайъати собиқ президентнинг юқоридаги ҳолат бўйича айбланиши мумкинлигига рози бўлган. Айтилишича, Трамп ўзининг номлари ошкор қилинмаган олти нафар шериги ёрдамида юқоридаги ҳаракатларни содир этган.
Манбага кўра, Трамп 3 август куни Вашингтондаги судга чиқиши керак.