Хитой электромобиллари хавфли қуролга айланиши мумкин – The Telegraph

Буюк Британия ҳукумати манбалари Хитой электромобилларига ўрнатилган технология орқали катта ҳажмдаги маълумотларни тўплаши, шу жумладан, жойлашув нуқтаси, аудио ёзувлар, ҳаттоки видео ёзувларни жамлаши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бу ҳақда “The Telegraph” нашри хабар берди.

Нашрнинг ҳукуматдаги исми ошкор қилинмаган юқори мартабали манбасининг фикрича, Хитой шу пайтгача ҳар қандай юқори технологияга асосланган маҳсулотларидан жосуслик мақсадида фойдаланиб келган. “Агар электромобиллар “қулоқ”ларини тарқатаётган ишлаб чиқарувчига тегишлилигини билсангиз, албатта шубҳаланишингиз табиий. Хитой жосуслик технологияларини ривожланмаган давлатлар қатори бизга ҳам тиқиштирмаётганига ким кафолат беради”, дейди у.

“Бутун дунёни хитойлаштириш сиёсати билан яшаётган хитойликлар, арзон маҳсулотлари орқали ниҳоятда қимматбаҳо маълумотларни қўлга киритиши мумкин. Хитой машиналаридаги кузатув тизими ҳам катта хавф туғдиради”, дейди Британиянинг собиқ ички ишлар вазири Прити Пател хоним.

Британияда электромобиллар мавзусининг кун тартибига чиқишига ўзига хос сабаб бор. 2030 йилда қиролликда дизель ва бензинли двигателларда ишлайдиган автомобиллар сотишни тақиқлайдиган қонун кучга киради. Айни пайтда 2024 йил учун ноль эмиссияли автомобиль сотиш квотасини 22 фоиз қилиб белгилаш таклифи муҳокамага қўйилган. Бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 80 фоизга етиши кутилмоқда.

Ҳозирги вақтда Буюк Британия электромобилларнинг катта партиясини Германиядан импорт қиляпти. Бироқ Хитой электромобилларининг арзонлиги автомобиль бозоридаги савдосининг ўсишига олиб келди.

“Хитой тез фурсатда иккинчи ўринга кўтарилиб олди. Яқин орада электромобиллар сотиш бўйича етакчига айланса ҳам ҳайрон қолмайман”, дейди иқлим ўзгариши бўйича қўмита раҳбари Крис Старк.