“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Афғонистон ҳукумати нефть сифати пастлиги сабабли 67 та цистернадаги нефтни Ўзбекистонга қайтариб юборгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Жорий йил 17 май куни “Uzbekistan GTL” МЧЖ ва Туркия компанияси ўртасида синтетик дизель компонентини экспортга сотиш бўйича оффтейк шартномаси имзоланган.
24-26 июнь кунлари харидор талабномасига асосан, “Uzbekistan GTL” МЧЖ томонидан жами 3,4 минг тонна (67 та вагон) маҳсулот Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Кенгсой” станциясидан экспорт қилиш учун харидорга топширилган.
Маълумот ўрнида “Uzbekistan GTL” МЧЖ заводининг дизель ёнилғиси учун синтетик компонент EN 15940 Европа стандартига мувофиқ Марказий Осиё давлатлари орасида фақатгина Ўзбекистонда “O’zDSt 3134-2017” давлат стандарти асосида ишлаб чиқарилади. Ҳозирча Афғонистонда бу стандарт жорий қилинмаган.
Маҳсулотни экспорт қилиш жараёнида синтетик дизель ва унинг компоненти Афғонистоннинг ANSA (Афғонистон стандарт агентлиги) ташкилотида рўйхатдан ўтмаганлиги ҳақида харидорга ҳам маълум қилинган. Харидор томонидан маҳсулот компонент сифатида анъанавий дизель билан компаундлаштирилган ҳолда Афғонистон бозорига олиб кирилиши режалаштирилгани билдирилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ шуни маълум қиладики, харидорга топширилган 3,4 минг тонна (67 та вагон) сифатли маҳсулот учун тўлов 100 фоиз амалга оширилган, Афғонистон ҳукумати томонидан “Uzbekistan GTL” МЧЖга сифатсиз маҳсулот сифатида қайтарилмаган. Шартнома шартларига асосан харидор маҳсулотни қайси давлатга олиб бориб қандай усулда сотишини ўзи белгилайди.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар доимий ва тизимли равишда халқаро ва миллий стандартларга мувофиқлаштириб борилади.