“Тошкент-донмаҳсулотлари” АЖ буюртмачилигида 2023 йил 23 июн куни “Юк ташиш хизмати кўрсатиш” юзасидан ўтказилган 500,0 млн сўмлик давлат харидида қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Коррупсияга қарши курашиш
агентлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Хусусан, давлат харидида иштирок этган икки талабгорнинг ҳужжатлари харид комиссияси раиси ва аъзолари фойдаланган қурилма (ИП-манзиллари бир хил) орқали электрон платформага юкланган.
Натижада Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг:
➖10-моддаси (рақобат ва холислик принсипи);
➖14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви);
➖46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талаблари бузилган ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Мазкур ҳолатлар бўйича 2023 йил 6 июл куни харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилди ва қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди.
Агентликнинг тақдимномасига биноан “Тошкент-донмаҳсулотлари” АЖ томонидан 24 июл куни харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинди.