Туркиянинг Деринже портида юз берган портлашда 12 киши жабрланди. Портлаш дон кемаларга ортилган ҳудудда содир бўлди, деб хабар бермоқда Euronews.
Кеча Истанбулдан 100 километр узоқликда, Мармар денгизи соҳилида жойлашган Кожаели провинциясидаги йирик савдо порти Деринжеда кучли портлаш юз берди. Аввалроқ 10 киши жароҳатлангани хабар қилинган эди.
Портлаш элеваторлардан кемаларга дон ортилган ҳудудда содир бўлган. Элеваторлар Туркия дон бошқармасига тегишли.
«Маълумотларга кўра, портлаш оқибатида 12 киши жабрланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир. Портлаш оқибатида 16 та элеватордан 13 таси зарар кўрди», – деди Кожаели мэри Тахир Бюкакын.
Портлаш сабаблари ўрганиляпти. Портнинг контейнер инфратузилмаси бузилмаган.