ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида Ургут туманида яшовчи, 1978 ва 1986 йилларда туғилган опа-сингил 911 гр «опий» моддасини 12 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, «опий» моддасини мазкур туманда яшовчи 2 нафар шахсдан олганликлари аниқланиб, улар ҳам қўлга олинган.
Бундан ташқари ушбу шахсларнинг яшаш хонадонларида ўтказилган тинтув-тергов ҳаракати вақтида, улардан бирининг уйидан 228 гр «опий» ва иккинчисининг уйидан эса 7 кг 187 гр «опий» моддаси холислар иштирокида процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Аниқланишича, тезкор тадбир давомида олинган жами 8 кг 326 гр. «опий» моддаси Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.
Мазкур 4 нафар фуқарога нисбатан ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 28,246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.