3-5 синф ўқувчиларига нисбатан жинсий зўравонлик ишлатган ва 2 йилга озодликдан маҳрум этилган мактаб психологи А.Ҳ. муддатидан олдин озодликка чиқарилди. Бу ҳақда “Nemolchi.uz” хабар берди.
Тошкент шаҳридаги 158-мактабнинг собиқ психологи A.Ҳ.нинг 3-5 синф қизларига нисбатан зўравонлиги ўтган йилнинг апрель ойида маълум бўлганди.
Сўнгра 2022 йил 19 август куни Миробод жиноят ишлари суди А.Ҳ.ни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми бўйича 2 йилга озодликдан маҳрум қилди. Шунингдек, уни 2 йил муддатга педагогик фаолият билан шуғулланиши тақиқланди.
28 октябрь куни – ҳукм чиқарилганидан атиги 3 ой ўтгач, Оҳангарон шаҳар жиноят ишлари бўйича суди A.Ҳ.нинг 1 йилу 5 ой 28 кунлик қамоқ жазосини ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирди.
2023 йил 26 май куни эса Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек жиноят ишлари бўйича суди психологни пенсия ёшига етгани муносабати билан 1 йилу 10 кунлик ахлоқ тузатиш ишларидан ҳам озод қилди.
18 июлга келиб, айбланувчи 1 йилу 3 ой 10 кун давомида педагогик фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Бироқ, А.Ҳ. суддан уни шартли равишда ушбу жазодан озод қилишни сўраган.
4 август куни Мирзо Улуғбек суди жиноят кодексининг 73-моддаси (эски таҳрирда) ва Жиноят-процессуал кодексининг 541-542-моддалари асосида баёнотни асосли ва қониқарли, деб топди.
Тошкент таълим бошқармаси берган маълумотга кўра, у ҳозирда ҳеч қайси мактабда ишламаяпти.
Аммо юқоридаги қарор психологга яна мактабга ёки бошқа таълим муассасаларига бориб, бевосита болалар билан ишлаш ҳуқуқини беради.