Эронда ҳаво ҳарорати +81 даражагача кўтарилгани айтилди

ОАВда «Эроннинг Кешм оролида ҳаво ҳарорати +81 даражагача кўтарилди» деган маълумотлар тарқалди.

Метеоролог Эркин Абдулаҳатовга кўра, бу маълумот ҳақиқатга яқин эмас.

«Бу ҳаво ҳарорати эмас, иссиқлик индекс қиймати.

Дунёда энг юқори рекорд даражадаги иссиқ ҳаво ҳарорати АҚШнинг Ажал водийсида кузатилган ва у +56,7 даражагача кўтарилган. Ҳозирча бу рекорд янгиланмади», дея ёзади мутахассис.

Иссиқлик индекси — бу ҳаво ҳарорати ва ҳаво нисбий намлик қийматлари асосида ҳаво ҳароратини ҳис қилинишидир.

Намлик юқори кўтарилган сари плюсли ҳаво ҳароратини инсон танаси ҳис қилиши реал ҳаво ҳароратдан юқорироқдек туйилаверади.

Инсон танаси одатда терлаш ёки тери ажратиш орқали танасини совутиб туради. Бунда тернинг буғланиши билан танадан иссиқликни чиқариб юборади. Қуруқ ҳавода бу ҳодиса фаол кузатилади. Бироқ, юқори ҳароратда юқорироқ нисбий намлик тер буғланиш тезлигини кескин камайтиради. Тер танадан чиқиб кетмайди. Натижада, тана ички иссиқлигини ташқарига чиқариш функцияси бузилади. Бу кишиларда ҳаддан ташқари қизиб кетиш ҳиссини келтириб чиқаради.

Аммо, ушбу таъсирлар субъективдир. Ҳамма бу жараённи ҳар хил ўтказади. Масалан, тана шаклидаги фарқлар, метаболик фарқлар, ҳомиладорлик, менопауза, гиёҳванд моддалар таъсиридаги тана ҳиссиётни ҳар хил қабул қилдиради.