Туркманистонда Марям вилоятининг собиқ ҳокими Довранберди Аннабердиев ҳамда Ахал вилоятининг собиқ ҳокими Язмуҳаммет Гурбанов 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Turkmennews” нашри хабар берди.
Келтирилишича, ҳар икки собиқ ҳокимга жорий йилнинг 7 август куни ҳукм чиқарилган. Довранберди Аннабердиев ўтган қишда содир бўлган Қорақум канали ёрилиши сабабли судга тортилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг январь-февраль ойларида Туркманистондаги Қорақум каналининг дарз кетиши туфайли камида 100 миллион куб метр сув қумга сизиб кетган эди. Ушбу ҳолат Марказий Осиёда кузатилган аномал совуқ оқибатида юзага келган.
Қайд этилишича, собиқ ҳоким Аннабердиевнинг қариндошларига жамоатчилик олдига чиқмаслик тавсия этилган.
Яна бир ҳоким Гурбановнинг жиноий жавобгарликка тортилиши сабаби ҳозирча номаълум. Бироқ у жорий йилнинг июль ойида Аннабердиев ва бошқа кўплаб мансабдор шахслар билан ўтказилган йиғилишда иш фаолиятида йўл қўйган жиддий камчиликлари учун ишдан бўшатилган эди.