Даврани кенгроқ олинг, “имтиёзи” борлар ўйнасин

Кечадан бери ҳамма интиқиб мандат кутяпти. Ҳа, ҳозир шундай мавсумдамиз, ўзига хос казармаларда яшаб, кўзларига уйқу келмаган, эрта-ю кеч китобдан бош кўтармай, олий мақсади томон ҳаракат қилган абитурентларнинг ҳаяжонли кунларида.

Улар ҳар кун қайта-қайта тўплаган баллини текширади, нечанчи ўринда турганини кўради, то мандат чиққунича кўнгли хотиржам бўлмайди. Бир ўқишга киришини, катта аудиторияларда ўтиришини ҳаёл қилиб, юраги энтикса, мободо киролмай қолсамчи, деган саволдан юраги орқага тортиб кетади.

Ким неча балл олди, энг юқори натижани ким кўрсатди деган қизиқишлар билан ҳар куни янгиликларни кузатадиган абитурентлар ўқишга киришда имтиёзлар берилиши тўғрисидаги янгиликларни ҳам кўриши табиий. Бу чин дилдан ўқиб, тайёргарлик кўриб юрган ёшларимизни ўйлантириб қўймоқда, негаки олий таълимда беш эмас, ўн эмас, 35 тоифадаги абитуриентларга турли имтиёзлар берилган.

Улар орасидан айрим тоифадаги абитуриентлар ҳеч қандай имтиҳонларсиз грант асосида ўқишга қабул қилинади!

35 тоифадаги шахслар учун имтиёзнинг 15 таси ҳеч қандай имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилишни назарда тутади. Бундай абитуриентлар орасида ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларидан тортиб, “Тарбиячи” республика танлови ғолибларигача бор.

6 тасида алоҳида фан ёки касбий (ижодий) имтиҳон учун максимал балл беришни, 2 тасида имтиҳонда тўпланган балл учун 30 фоизгача миқдорда қўшимча балл қўшишни, қолган 23 таси эса алоҳида квота асосида ўқишга қабул қилиш бўйича бошқа имтиёзлар ҳисобланади.

Адолатми ёки адолатсизлик?

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иккинчи бўлим, V боб, 19-моддасида шундай дейилган:

“Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқейидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принсипларига мос бўлиши шарт”.

Кўриб турганингиздек, 19-моддада ижтимоий келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеи инсоннинг алоҳида имтиёзлар берилишига сабаб бўлмайди дея таъкидланган. Бироқ кучишлатар тизимларга кирувчи ҳарбий соҳа кадрларининг фарзандларига имтиёзлар берилиши юқоридаги жумлани шубҳа остига қўяди.

Ички ишлар, божхона, Қуролли Кучлар, Миллий Гвардия ходимлари фарзандлари учун алоҳида квоталар ажратлган. Бунда имтиёз бериш учун асосий мезон – абитуриентлар ота-онасининг иш жойи. Ушбу имтиёзлар (тавсиянома) боланинг билим даражаси ёки салоҳиятига деярли боғлиқ бўлмаган ҳолатда уларнинг ота-онасининг иш жойи, лавозими ёки меҳнат фаолиятига асосланган ҳолда берилади. Бу тизимлардаги ходимлар шундоқ ҳам катта имтиёзлар, яхши маошга эга. Энди уларнинг ҳисобидан фарзандларига ҳам имтиёз берилиши ижтимоий адолат тамойилига қанчалик тўғри келади?

Бундан ташқари алоҳида квоталар фоизи ҳам анча баҳсли масалалардан. Биламизки,Қуролли Кучлар, Миллий Гвардия, ички ишлар органлари ва божхона хизматининг хизмат мажбуриятини бажариш чоғида ҳалок бўлган, шунингдек, хизмат мажбуриятини бажаришда олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ходимларининг фарзандлари умумий қабул квоталарига қўшимча равишда имтиҳонларсиз ўқишга қабул қилинади.

Шунингдек, чин етимлар, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар, болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари учун қўшимча давлат грантлари ажратилган.

Буни тўғри тушуниш мумкин, хизмат давомида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ходимларнинг болалари, етим ёки патронат ёшларни ижтимоий жиҳатдан бошқа шахсларга тенглаштириш мақсадида имтиёз берилган. Қизиғи шу сингари имтиёзлар ички ишлар органлари ва божхона хизматининг амалдаги ходимларига ҳам тақдим этилган.

Етим болалар учун умумий квота сонидан қўшимча равишда 1 фоизгача давлат гранти ажратилган бўлса, божхона хизмати ходимларига 2 фоиз, ички ишлар ходимлари учун эса 3 фоиз этиб белгиланган. Яъни уларга етим болалардан кўра кўпроқ имконият яратилган.

“Темурбеклар мактаби”да ўқимаган боланинг айби йўқ

Навбатдаги имтиёз — ҳарбий мусиқа академик лицейи ва “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига имтиҳонда тўпланган балл учун 15 фоиздан 30 фоизгача миқдорда қўшимча балл қўшилиши.

Ушбу ҳолат аллақачон баҳс-мунозараларга сабаб бўлди ҳам. Боиси 1 августдаги тест натижалари эълон қилинганда, 207, 210 балл олган ёшларни кўриш мумкин эди. Кўпчилик бундан ҳайрон қолди, “Темурбеклар мактаби” ўқувчиларига берилган имтиёз сабаб улар энг максимал баллдан ҳам ошиб кетди. Бу нимани англатади?

Яъни оддий қишлоқ мактабида ўқиган энг юқори 189 балл тўплаганда ҳам контрактга кириши мумкин.
Бу борада Хушнудбек Худойбердиев ҳам қуйидагича фикр билдиради:

“Шундоқ ҳам энг замонавий шароитда, энг яхши устозлардан таълим оладиган махсус мактаб битирувчиларига қўшимча балл беришни тушуниш қийин. Улар бошқа абитуриентлар, масалан оддий қишлоқ мактаби ўқувчисидан шундоқ ҳам яхши шароитда ўқиганку, ўқишга кириш имкониятлари шундоқ бошқалардан юқорику, нега уларни эркалаб яна қўшимча балл беришимиз керак?

Темурбеклар мактаби битирувчилари ўқишга кира олмай қолишидан қўрқамизми? Унда бу мактабларда ўқитиш яхши эмас эканда? Ёки яхшими? Яхши бўлса, нимадан хавотирланиб бунақа имтиёз берганмиз?”

Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Темурбеклар мактаби”ни имтиёзли диплом билан тугатган битирувчилар таркибида бундай мактаблар бўлган давлат органларининг олий ҳарбий ҳамда ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига ёки ихтисослаштирилган билим юртларига тест синовларисиз, танлаш тадбирларини муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича кириш ҳуқуқига эга. Кўриниб тургандек, ушбу имтиёзлар бирор бир ижтимоий мезонга эмас, балки таълим муассасаси статусига боғланган.

Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларига нега имтиёз берилиши керак?

Яна бир имтиёз – Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Исъҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг битирувчилари учун берилган махсус имтиёз.

Унга кўра бутун ўқиш даврини аъло баҳоларга ўқиган битирувчилар олий таълим муассасалари бакалавриатининг хорижий тил ва адабиёти, филология ва тилларни ўқитиш таълим йўналишларига имтиҳонларсиз қўшимча давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинадилар.

Аммо бу имтиёз фақатгина алоҳида олинган мактаб билан чекланган бўлиб, бошқа мактабларнинг бутун ўқиш даврини аъло баҳоларга ўқиган битирувчиларига нисбатан қўлланилмайди. Аслида оддий қишлоқ мактабидагига қараганда бундай даргоҳларга буджетдан кўпроқ пул сарфланади.

Оддий қишлоқ мактабидаги болаларда йўқ имкониятлар ихтисослаштирилган мактабдаги ўқувчиларга бериляпти. Ваҳоланки, шундоқ ҳам чекка қишлоқдан келган болада йўқ имконият уларда бор. Биз аксинча уларга яна имтиёз беряпмиз, яна имконият беряпмиз.

Блогер Шаҳноза Соатова ҳам шундай фикрда:

“Махсус мактабларда алоҳида махсус шароитлар, яхши ўқитувчилар, таълим сифати юқори бўлса-да, яна унинг битирувчилари имтиёз билан олий таълим муассасасига кирса. Бошқа солиқ тўловчиларнинг ўзи репетиторга қатнаб ўқиган фарзандлари умиди сўнади-ку”.

Ижтимоий адолат мезонларига мос бўлмаган имтиёзлардан яна бири бу – Ёшлар иттифоқи учун ажратилган қўшимча квоталар. Хусусан, ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари доимий яшаш жойидаги олий таълим муассасаларининг педагогика таълим йўналишларига танловдан ташқари кириш имтиҳонсиз кириш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, ҳарбий хизматчилар орасидан юқори натижаларга эришган, ҳар бир ҳарбий қисмдан биттадан ёш ҳарбий хизматчи ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномаси билан давлат гранти квоталарига қўшимча равишда имтиҳонларсиз қабул қилинади.

“Йўқолсин имтиёзлар”

Юқоридаги каби имтиёзлардан норозилар фақатгина ёшлар эмас, кўпчилик жамоат фаоллари, блогер, журналистлар ҳам ушбу қарорлардан норози.

Хусусан, иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам “Йўқолсин имтиёз!” сарлавҳали постида таълим соҳасидаги имтиёзлар фақатгина ногиронлиги бор ва ота-онасиз абитуриентлар учун ҳамда депрессив минтақаларда туғилганлар учун умуммиллий манфаатлардан келиб чиқиб, чекланган муддат давомида берилиши кераклигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, олий таълим муассасаларига қабул учун имтиёзлар ижтимоий адолат принсиплари нуқтаи назаридан тўлиқ қайта кўриб чиқилиш керак. Бирор бир ташкилотга мансублиги жиҳатидан, ота-онасининг иш жойига қараб, ёки алоҳида таълим муассасаларига берилган бари имтиёзлар ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўриш керак.

Имтиёзларнинг бўлиши, балки, ёмон эмасдир. Давлат шу йўл билан жамиятнинг маълум қатламини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган. Аммо танганинг иккинчи тарафи ҳам бор: айрим тоифа абитуриентларига бу тарзда имтиёзлар берилиши бошқаларнинг имкониятларини чеклаб қўймаётганмикин?

Шаҳруза САТТОРОВА