Андижон ҳокими футболчиларга iPhone 14 совға қилди: бюджет пули ҳокимларга бобосидан мерос қолганми?

Кеча, 21 август куни футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 17-тури доирасида “Андижон” ва “Олимпик” клублари майдонда ўзаро баҳслашди. Мазкур учрашув 2:1 ҳисобида “Андижон” фойдасига якунланди.

Ўйин тугаганидан сўнг Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов футболчилар билан учрашди ва ўйинчилар билан ғалабани нишонлаш чоғида микрофон орқали трибунадаги мухлисларга юзланиб, спортчилар муносиб рағбатлантирилишини маълум қилди.

“Бугунги ғалаба билан, аввало, ҳамма андижонликларни табриклайман. Футболчиларга нима ваъда қилган бўлсам, ҳаммасини бераман. Ҳозир нима эканини айтмайман. Худо хоҳласа, буларга куч бераман, рағбат бераман. Сизлар у ёқдан қўллаб-қувватлайсизлар, мен пул томондан қўллаб-қувватлайман, соғ бўлинглар”, – дейди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Шундан сўнг вилоят раҳбари гол муаллифи Рубин Ҳебайга истаган автомашинасини бориб танлашини, қолган футболчиларга эса iPhonе 14 смартфонларини беришни ваъда қилди.

“Эртага бориб, машинани танласин. Сен машинани орзу қилганмидинг, эртага бориб, ўзинг танла. Сен қайсини танласанг, гап бўлиши мумкинмас, берамиз. Қолганларга iPhone 14”, – дейди вилоят ҳокими.

Юқоридаги ҳолатда футболчилар айнан қайси маблағлар ҳисобига рағбатлантирилишини ўрганиш мақсадида вилоят ҳокимлиги билан боғланилди.

Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муслумбек Иброҳимовга кўра, футболчиларни рағбатлантириш ташаббуси бир неча ҳафта олдин илгари сурилган. Уни амалга оширишда Андижонда профессонал спортни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ва спортчиларни қўллаб-қувватлаш истагини билдирган ҳомийлар жалб этилган.

“Ҳомийлар иштирокида маблағлар жамғарилган бўлиб, вилоят раҳбари айнан ушбу рағбатлар Андижон аҳли номидан спортчиларга топширилишини маълум қилиб ўтган. Бунда ҳомийлик ҳаракатларини ўз эгаларига тўлиқ етказиш мақсад қилинган”, – дея маълум қилди у.