«Ўз жонига қасд қилганига ишонмайман». Фарғоналик 20 ёшли келинчакнинг ўлими тафсилотлари

20 август куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида турмуш қурганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган 20 ёшли келинчак ўзини осиб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Марҳуманинг яқинларига кўра, келинчак турмуш ўртоғи калтаклаётганини айтиб, оила аъзоларидан уни олиб кетишларини сўраган.

Келиннинг қариндошлари ўлим сабабига шубҳа билдирмоқда. Бош прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани, ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд тиббий экспертизаси тайинланганини маълум қилган.

Адлия вазирлигининг Hudud24 нашрига кўра, марҳума Зулайҳо Тоштемирова Ўзбекистон туманида яшаган ва тиббиёт билим юртида таҳсил олган. У шу йилнинг 22 июнь куни ўзидан 10 ёш катта, (1993) Яйпан шаҳрида истиқомат қилувчи йигитга турмушга чиққан. Орадан бир ой ўтмай, 20 август куни ёш келин, ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, ўз жонига қасд қилган.

Марҳуманинг яқинлари унинг танасида калтакланиш излари топилганини маълум қилган.

Марҳуманинг отаси Ғофуржон Худойбердиев Hudud24`га берган интервьюсида қизининг ўз жонига қасд қилганига ишонмаслигини айтмоқда.

«Аввалги куни келди, жиянининг туғилган куни эди, чиройли келиб, ўтириб кетди, ўзим уйига ташлаб қўйдим. Ҳаммаёқ тинч эди, қизим бирон нарсадан нолимади, арз қилмади. Ахир кенжа фарзандим-ку, эркатой қизим-ку, ҳар доим нима бўлса айтарди, бирон гап бўлса, ўша куни менга айтмасмиди?» — дейди ота.

«Мен ўз жонига қасд қилганига ишонмайман. Иш охирига етмагунча, жиноятчилар жазосини олмагунча қўймайман. Ахир итниям бунчалик азобламайди. Бу нарса уюштирилган. Ўша уйда яшаган пайти қизимнинг телефонларигача олиб қўйишган… итга ўхшаб устидан қулфлаб кетаркан, бир ўзи уйда қоларкан… Мен бу нарсанинг тагига етаман! Улар кўпчилик: опалари, тоғалари бор. Аммо ҳаммаси қочиб кетди-ку, бир гап борки, менга рўпара келмаяпти… Сизлар нимадир қила олсаларингиз қилинглар, адолат рўёбга чиқсин. Бўлмаса, ўзим, албатта, ҳаммасининг тагига етаман!» — дейди Ғофуржон Худойбердиев.

Бу оилага қўшни бўлган Нозимжон Амиров марҳума Зулайҳо Тоштемировага 7−8 синфлигидан мактабга боришига рухсат берилмагани, аттестатини пулга олиб беришгани, кўчага чиқарилмагани ва ҳудуд урф-одатига кўра, қизлар маълум ёшга етгач, мактабга юборилмаслиги ҳақидаги миш-мишларни рад этган.

«Йўқ, умуман бу нотўғри гап. Раҳматли Зулайҳо менинг қизим билан синфдош эди. Биргаликда гул кўтариб сентябрда биринчи қўнғироққа боришган, то мактабни битиргунча бирга ўқишган. Зулайҳо кўз олдимизда катта бўлган, аълочи, одобли, тарбияли қиз эди. Тиббиёт билим юртини тамомлаб, ҳамшира бўлиш арафасида эди. Уйда ушлаб ўтирилган қиз бўлса, тиббиёт билим юртига киритишармиди?» — дейди Нозимжон Амиров.

Фожиани ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчиликка маълум қилган Зулайҳо Тоштемированинг аммаси куёв томондагилар ишни бости-бости қилиб юборишидан хавотирда. «Чунки илдизи бақувват одамлар…», — дейди у.

«Бундан 5 ой аввал — 8 март куни укам Равшанбек Худойбердиев фожиали вафот этган. Уни ҳеч ким турмайдиган уйида жасади бўйнидан осилган ҳолда топдик. Укам раҳматли туман ҳокимлигига яқин инсон эди, таъминотчи фирманинг эгаси эди. Пул масаласида муаммолари бўлган, шунга ўзини осган дейишди. Биз бунга ишонмасак ҳам, ҳеч қаерга чиқмадик, дафн қилдик», — дейди аёл.

«Вафотидан сўнг ҳам ҳокимликдан ҳеч ким хабар олмади, эшигимиздан одамлар қарзларини сўраб келишяпти. Бечоранинг етимларига бола пули ҳам, ҳатто дафн пулини ҳам олмадик. Мана кеча жияним билан бўлган мусибатда ижтимоий тармоққа чиқаргандик, ҳокимлик укамнинг оиласидан ҳам хабар ола бошлади. Агар индамасак, бу иш ҳам ёпилиб кетади, айбдорлар жазосиз қолади, деган фикрда бу хабарни оммага олиб чиқдим», — дейди марҳуманинг аммаси.

Унинг қайд этишича, ҳозирги кунда куёв томон «буларнинг зотида шунақа одат бор, амакиси ҳам восвосга учраб, ўзини ўлдирган» дея Зулайҳо Тоштемированинг ўзини айбдор қилишга уринмоқда. «Буни яхшилаб текширишлари керак. Амакиси жонига қасд қилган деб жиянининг ўлимини шундай ёпиб юбормайдилар-ку», — дейди у.