Кимлар ўн йил олдин пенсияга чиқиши мумкин?

Қонунчиликка асосан, охирги иш жойидан қатъи назар ерости ишларида, меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимларга умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқи берилади.

Бунда, эркакларга иш стажи камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келиши талаб этилади.

Аёлларда эса иш стажи камида 15 йил бўлиб, бундан камида 7 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келиши лозим.

Ҳукуматнинг тегишли қарорида ушбу турдаги ишларда ишловчи ходимлар лавозимларининг номлари келтириб ўтилган.

Ер ости ишларидаги меҳнат стажи эркакларда 10 йилдан кам ва аёлларда 7 йилу 6 ойдан кам бўлган ҳолларда ходимларга бу ишлардаги ҳар бир тўлиқ йил учун умумий белгиланган пенсия ёши 1 йилга қисқартирилади.

Меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда (эркаклар камида 5 йил, аёллар камида 3 йил 9 ой) ишлаган ходимларга пенсия умумий пенсия ёши шундай ишда банд бўлинган ҳар бир тўлиқ йил учун 1 йилга қисқартирилган ҳолда тайинланади.

Цирклар ва концерт ташкилотлари артистларининг айрим тоифалари ижодий ишдаги стажи камида 20 йил бўлган тақдирда 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.