“Лазги – тирилиш рақси” – Халқаро фестивалдан махсус фоторепортаж

Лазги- асрлар оша ўз жозибасини йўқотмай келаётган рақс туридир. Ундаги жозиба, услуб ва ҳаракатларнинг бетакрорлиги нафақат ўзбек халқини балки, дунёнинг турли бурчакларидан бўлган санъат шайдоларини эътиборини тортмай қолмаяпти.

2019 йил “Лазги” ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилганидан сўнг, 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда Халқаро Лазги фестивали ўтказилиши белгиланганди.

Шу кунларда Хива шаҳрида Халқаро Лазги II фетивали бўлиб ўтмоқда. Ogoh.uz мухбири айнан фестивалнинг қайноқ жараёнларидан махсус фоторепортаж тайёрлаган.

“Лазги – тирилиш рақси, инсонни яралиш рақси. Лазги ўйнаган вақтда осмон ва ернинг ўртасида ҳамма мавжудодларни, тоғлар, сувларни ўз ичига олади.” – дейди ушбу рақсни ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйҳатига киритилишида кўп меҳнатлари синган Гавҳар Матёқубова.

Фестивалда 200 дан ортиқ иштирокчилар ғолиблик учун курашмоқда. Ўзбекистондан саралаш босқичининг 3 ўрин ғолиблари Яккахон ижрочилар йўналиши:
1-ўрин Давлетова Оксана (Хоразм вилояти)
2-ўрин Нарзуллаева Фотима (Тошкент шаҳри)
3-ўрин Ҳайдаров Ислом (Тошкент шаҳри)

Жамоавий ижрочилар йўналиши:
1-ўрин Ўзбекистон давлат филармонияси “Лазги” ашула ва рақс ансамбли;
2-ўрин Ўзбекистон давлат филармонияси Хоразм вилояти рақс ансамбли;
3-ўрин “Бухоро мавжлари” ансамбли.) қатнашиб юртимиз номини ҳимоя қилмоқда.

«Гран-При» мукофоти – 7 000 АҚШ долларини ташкил этади. 1-2-3- ўринларни қўлга киритганлар учун мос равишда ҳар бир йўналишда 3 та номинация (“Энг яхши яккахон рақс ижрочиси”, “Энг яхши рақс жамоаси”, “Энг яхши саҳналаштирилган рақс”) бўйича 5 000, 3000, 2000 АҚШ долларидан мукофотланади.

Фестивални томоша қилиш учун шу қадар кўп одамлар келмоқдаки, бу Лазги Хоразм халқининг қонига сингиб кетганининг яққол намоёндаси. Мусиқаси янграши билан бехос рақсга тушишдан ўзини тиёлмаётган томошабинлардан бирининг айтишича, болалари мана шу тарона оҳанги билан улғаймоқда. “Хоразмдан бўлиб Лазгига ўйнай олмаслик уят “ дейди кексайган бўлса ҳам рақслар ижросини кўришга келган отахон.

Бу йил чет эллик иштирокчиларнинг 70% ўз рақсларидан ташқари Лазгини рақсини ҳам ижро этмоқда. Натижалар бугун 29- апрел куни эълон қилинади.

Фазилат Соиб