Жорий йилнинг 30 август куни Интернет ижтимоий тармоқлари орқали “Отиб ташланг!!! Сигиримни бeрмайман… МИБ қарздорларни аяб ўтирмади”, “Камбағал қарздор бўлса ҳаттоки сигири бўлса ҳам олиб кетилади…” каби хабар ва видеолавҳалар жойлаштирилган.
Мазкур хабар юзасидан Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади.
Бюронинг Андижон вилояти бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари иш юритувига келиб тушаётган ижро ҳужжатларининг ижросини тезкор ва самарали таъминлаш, ундирув самарадорлигини ошириш мақсадида жойларда маҳаллабай ишлаш тизими ташкил этилди. Унга кўра, ҳар бир давлат ижрочисига муайян маҳалла ҳудуди бириктирилиб, унда яшовчи шахсларнинг ижро ҳужжати бўйича қарздорликларини бартараф этиши юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Хусусан, жорий йилнинг 8-10 август кунлари Андижон туманининг “Март”, “Чилон” “Отчопар” маҳаллаларида Бюро ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ички ишлар бўлими нозирлари, банк муассасаси ходимлари ва бошқа мутасадди ташкилот вакиллари билан биргаликда мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, банклар фойдасига кредит қарздорликлари, маъмурий жарима, давлат божларини ундириш чоралари кўрилди.
Тадбир давомида қарздорликларни тўламаган шахсларнинг мулклари ҳам хатлаб қўйилди. Жумладан, фуқаро Х.Холиқов чорвачилик билан шуғулланиш истагида қорамол сотиб олиш учун кредит маблағларини олиб, қайтармаган. Оқибатда, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 29.05.2023 йилдаги суд буйруғига асосан АТ “Халқ банки” Олтинкўл филиали фойдасига қарздор Х.Холиқовдан 19 276 000 сўм қарздорлик ундириш белгиланган.
Ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида қарздор Х.Холиқовнинг яшаш хонадонига борилган ҳамда 3 дона қорамол қарздорлик эвазига хатланган.
Андижон туманининг “Март” маҳалласида яшовчи А.Умаровнинг эса АТ “Халқ банки” Олтинкўл филиали фойдасига тўланмай қолган 20 млн. сўм кредит қарзи эвазига яшаш хонадонидаги музлатгич, кир ювиш машинаси ва телевизор хатлаб қўйилган.
Қарздорларга ижро ҳужжатида кўрсатилган қарздорликлар бартараф этилган тақдирда мол-мулклари ҳамда буюмлари қайтарилиши тушунтириб ўтилган.
Шундан сўнг, 14.08.2023 йилдаги ундирувчи банкнинг хатларига асосан кредит қарздорликлари қопланганлиги сабабли ижро ишлари тамомланиб, хатланган мол-мулклар, жумладан 3 та қорамол ҳам ўз эгаларига қайтариб берилган.
Эслатиб ўтамиз, Мажбурий ижро бюроси органлари суд ва бошқа органлар қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлайди. Бунда давлат ва жамият, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади.