Қозоғистонда коллеж талабаларини рағбатлантириш мақсадида стипендия миқдори босқичма-босқич – 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб 50 фоизга оширилди. 2024 йилда эса 100 фоизга оширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “kazinform” хабар берди.
Маълумотларга кўра, жорий ўқув йилида 190 минг ёшлар коллеж талабаси бўлган. Улардан 133 минг нафари давлат таълим буюртмаси бўйича ўқийди. Корхоналар талабига биноан 10 минг талаба таълим олади.
Қозоғистон Президенти топшириғига кўра, жорий йилда таълим тизимидаги буюртма 50 минг ўринга етказилган. Квота бўйича 75 минг нафар техника ва касб-ҳунар коллежи талабалари ўқишга қабул қилинди.
Қайд этиш жоизки, давлат буюртмаси техник мутахассисликларга қайта йўналтирилган. Улар орасида геология, энергетика, металлургия, машинасозлик, транспорт, IТ, қурилиш, педагогика ва тиббиёт каби соҳалар бор.
Давлат буюртмаси бўйича таълим олаётган талабалар ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жумладан, стипендиялар, овқатланиш ва йўлкиралар билан таъминланади. Шунингдек, янги ўқув йилида коллеж талабалари учун 2,5 минг ўринли 13 та янги ётоқхона фойдаланишга топширилган.