Ўзбекистоннинг собиқ биринчи хоними Татьяна Каримова Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик хати йўллади. Ушбу хат Президентнинг расмий саҳифасига жойланди.
Татьяна Каримова хатни ўтган Ўзбекистон Мустақиллиги куни ва Ислом Каримовни хотирлаш маросими сабаб Мирзиёевга миннатдорчилик билдириш билан бошлаган.
“Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги беқиёс саъй-ҳаракатларингиз ва фидойилигингизни таъкидлашни истардим. Сизнинг раҳнамолигингизда мамлакатимизда кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда: ёрқин иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари, ёшларимиз фаровонлиги учун кенг имкониятлар яратилмоқда”, деб ёзган Каримова.
Шунингдек, собиқ биринчи хоним Мирзиёевга унинг раҳбарлиги туфайли Ўзбекистоннинг ривожланиб бораётганидан фахрланишини билдирган. Мирзиёевнинг 2 сентябрда Каримовнинг қабрига бориб гул қўйганини эсларкан, Ислом Абдуғаниевич хотираси учун Каримовлар оиласи номидан миннатдорлик изҳор қилган.
“Ҳурматли Шавкат Миромонович — сиз чинакам йўлбошчи ва дўстсиз. Сизнинг меҳрибонлигингиз ва яхши муносабатингиз қалбимизда абадий қолади”, деган сўзлар билан Каримова ўз хатини якунлаган.