Бразилия жанубида мамлакатнинг бир қанча шаҳарларида сув тошқини сабаб бўлган кучли тўфон оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда сешанба куни расмийлар маълум қилди, деб хабар бермоқда АР агентлиги.
Риу-Гранди-ду-Сул губернатори Эдуардо Лейтнинг айтишича, тўфон қурбонлари сони штатдаги энг юқори кўрсаткичдир. Унинг қўшимча қилишича, 60 га яқин шаҳар тўфондан жабр кўрган.
Қайд этилишича, 50 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Мукум шаҳридаги уйлардан бирида 15 киши ҳалок бўлган. Такуари дарёси тошиб кетиши оқибатида шаҳарнинг 85 фоиздан ортиғини сув босган.
Расмийларнинг маълум қилишича, душанба куни штатга етиб келган циклон туфайли 1650 киши бошпанасиз қолган ва 3700 дан ортиқ одам уйини тарк этишга мажбур бўлган. Штат бўйлаб 24 соатдан камроқ вақт ичида 300 миллиметрдан (деярли 12 дюйм) ортиқ ёмғир ёғиб, сув тошқинлари ва кўчкиларга сабаб бўлди, деб хабар беради France 24.
Расмийларнинг айтишича, қурбонлар сони ортиши мумкин. Жорий йил июнда Риу-Гранди-ду-Сул штатида содир бўлган сўнгги экстратропик циклон 16 кишининг ҳаётига зомин бўлган эди. 40 та шаҳар, уларнинг аксарияти штат пойтахти Порту-Алегри атрофида жойлашган.