Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров аёлларнинг бурқада юриши бўйича фикр билдирди. Унинг айтишича, Ислом динида маълум бир форма қабул қилинмаган. Бу мумкин ҳам эмас.
“Кийим кийишда ҳам ҳаддимиздан ошяпмиз. Қанақадир кўриниш ёки кийим билан тақводор бўлинмайди. Бизнинг мазҳабимиз аёлларнинг юзини беркитишга буюрмаган. Динимизда кийимни ҳаддидан оширмаслик, чиройли қилиб юриш тавсия қилинган.
Бу битта миллатнинг, битта иқлимга келган дин эмас. Жўғрофий нуқтаи назардан иссиқ ўлка Арабистонда, ёки бутун умр ёз бўлмай, қиш бўладиган ўлкада ҳам мусулмон бор. Агар ҳамма бир хил кийимда бўлса, машаққат бўлади мусулмонга. Дин бу машаққат эмас, енгилликдир! Ҳатто Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам “Оллоҳ сизларнинг кўринишингизга, суратингизга, мол-у дунёйингизга эмас, тақвойингизга, Ундан қўрқишингизга қарайди” деганлар. Оллоҳдан қўрқиш ва тақво эса кийим билан ўлчанмайди”, деди муфтий.
Шунингдек, Нуриддин Холиқназаров кийим кийиш меъёрлари ҳақида гапирар экан, ҳар бир миллатнинг ўз анъаналари ва либослари борлигини уқтирган.
“Араблар ҳам, турклар, Индонезиядаги мусулмонлар ҳам ўзига хос кийимини кияди. Шунингдек, ўзбеклар ҳам. Ислом эса кийимда ҳам меъёрни, хаддини ўргатади. Хадни билиш, беҳаё кийимни ҳам киймаслик, ёки қоп-қора кийим кийиб ҳам арабча бўлиб олмаслик керак. Бекитиш керак бўлмаган жойларни бекитиш буюрилмаган, буни қилмаслик лозим. Бизнинг мазҳабимизда ҳам аёлларнинг юзини беркитишга буюрилмаган. Аёллар маълум бир кийимни кийишга ҳам буюрилмаган. Қора кийиш, юзини беркитиш, ҳатто қўлига қоп-қора қилиб қўлқоб кийиб олиш бизнинг ҳанафий мазҳабимизда кўрсатилмаган. Ҳозир шуни гапирсангиз, бетақволикда айблаяптилар. Қолаверса, ўша жамият ичида юрганлардан ортиқча хатти-ҳаракат қилиш аксинча одамларни ўзига жалб қилади”, дея уқтирган Шайх Нуриддин Холиқназаров.
Қолаверса, у ҳозирги даврда ўзбекларнинг араблашиб кетаётганини ҳам танқид остига олди.
“Ислом дини кириб келганда аждодларимиз Ислом динини қабул қилдилар, араб бўлишни эмас. Миллат сақланиши керак. Оллоҳ бизни турли миллат қилиб яратди. Тақлид қилиб бошқа миллат вакили бошқа бир миллатга ўтилмайди. Мана шу анъана асрлар бўйи давом этиб келди. Ҳозир эса бизда бир марта Умрага бориб келган одам арабга айланяпти. Мусулмон одам ўзининг одоби ва аҳлоқи билан мусулмондир”, дея мулоҳазаларини билдирган у.
Бундан ташқари муфтий йигитларга ҳам юзланиб, соқолларини тартибга солиб юриш жоиз эканини эслатди.
Эслатиб ўтамиз, 5 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, қабул қилинганди.