Бухородаги дарaхткушлик оқибатида табиатга 1,7 млрд сўм зарар етказилди

Бухоро вилояти Пешку туманида муҳофаза зонасидаги 125 туп дарахт ноқонуний кесиб ташланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Пешку туманининг “Мустақиллик”, “Чиғирчи”, “Янгибозор”, “Садир” ва “Малишояк” маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтувчи Зандани каналининг муҳофаза зонасида ўсиб турган жами 125 туп дарахт, шундан 102 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган.

“Дастлабки хулосага кўра, дарахткушлик оқибатида табиатга 1,7 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказиш учун ички ишлар органларига юборилган. Шунингдек, мазкур жиноят иши тергови устидан прокурор назорати ўрнатилган”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Қўшимча қилинишича, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва бу орқали республикада яшил майдонларни кўпайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётган бир вақтда дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш, нобуд қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.