Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Эмомали Раҳмон раислигида ўтган саммитда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, фахрий меҳмон сифатида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда БМТ Бош котибининг махсус вакили – Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, минтақада кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш, хавфсизлик соҳасидаги замонавий таҳдид ва хатарларга қарши чора кўриш масалалари муҳокама қилинди.Ўзбекистон президенти ўз нутқида минтақа мамлакатлари ўртасида ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади.
Глобал жараёнларнинг минтақанинг барқарор ривожланишига таъсири чуқур таҳлил қилиниб, бундай хавф-хатарларга самарали қарши туриш имконияти кўп қиррали шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган қўшма саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга боғлиқлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон президенти Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги истиқболлари бўйича қатор таклифларни билдирди.Товар айланмаси ҳажмини ошириш мақсадида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо зоналарини тезроқ шакллантириш таклиф қилинди.
Шунингдек, мамлакатларнинг транспорт соҳасидаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида тармоқ вазирлари учрашувлари доирасида Марказий Осиёда Транспорт ва транзит ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш, бизнес учун қулай бўлган оралиқ тарифларни қўллаган ҳолда, Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш учун самарали транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича аниқ механизмларни шакллантириш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, Транспорт хизматлари бозорини либераллаштириш ва рухсат этишга доир тартиб-таомилларни оптималлаштириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш ҳамда Халқаро ташувларнинг интеграциялашган рақамли платформасини яратиш масаласини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди.
«Афсуски, минтақада энергетика инфратузилмаларини ривожлантириш суръатлари саноатлаштириш ва урбанизация жараёнлари, шунингдек, демографик ўсишдан орқада қолмоқда. Бугунги кунда бу мамлакатларимизнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши йўлидаги жиддий таҳдиддир», — дея энергетик хавфсизликни таъминлашдаги муаммоларга эътибор қаратди Ўзбекистон раҳбари.
Бундан ташқари, электр энергиясини етказиб бериш учун янги магистрал тармоқларни барпо этиш ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишига айланиши лозим.Шу билан бирга, энергия манбаларини диверсификация қилмасдан, муқобил энергетика соҳасига инвестиция ва технологияларни жалб этмасдан ва “яшил” водородни ишлаб чиқаришни йўлга қўймасдан туриб, минтақани барқарор ривожлантириш мумкин эмаслиги таъкидланди.