АҚШ президентининг ўғли Хантер Байден 25 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин

Президент Жо Байденнинг ўғли Хантерга 2018 йилда сотиб олинган ўқотар қуролларни ҳарид қилаётганда ёлғон кўрсатма берганликда учта айблов қўйилди, деб хабар бермоқда CNN.

АҚШ тарихида биринчи марта Адлия вазирлиги амалдаги президентнинг ўғлига айблов эълон қилди.

Айбловлар июль ойида Хантер Байденнинг дастлабки айблов келишуви муваффақиятсизликка учраганидан кейин қўйилган. Айбловлар Жо Байденнинг 2024 йилда АҚШ президенти лавозимига қайта сайланиш кампанияси ўртасида жиддий суд жараёнига олиб келиши мумкин.

Хантер Байденнинг ҳуқуқий муаммолари 2018 йил октябрда сотиб олган ўқотар қуроллардан келиб чиқди. Делавэрдаги қурол дўконидан револьвер сотиб олаётганда, у ҳеч қандай ноқонуний гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмагани ёки уларга қарам бўлмаганлигини айтиб, федерал бланкда ёлғон гапирган. Гарчи, аслида, сотиб олиш пайтида у кокаинга қарамлик билан курашган.