КЕТАЯПМИЗ… ҚАЁҚҚА? – ОММАВИЙ МАҚСАДСИЗЛИК

Аудиторияга кирдим. Кечки гуруҳ. Йигирма саккиз-ўттиз чоғли талаба. Нигоҳлар ўлик, ҳафсаласиз. Публицистика (очерк, фельетон, памфлет…) тугул ахборий жанрлар (янгилик, хабар, репортаж…)дан бехабар. Биринчи синф ўқувчисига қандай қилиб тўртинчи синфга мўлжалланган билимни бера оласан? Қабул қила оладими? Тайёрми?


Кичик сўровнома ўтказдим. “Энг катта орзуингиз нима? Ким бўлмоқчисиз? Ва нега ҳозир бу ердасиз?” Жавоблар кутганимдан-да ҳайратланарли. Йигирма саккиз талабанинг атиги уч нафари шу соҳани ўзи танлаб кирган. Қолгани эса “балли тўғри келгани учун” рўпарамда ўтирибди. Очеркни ўрганиши ва ёзиши керак бўлган талабаларнинг тўқсон фоизи “бизнесмен”, “бизнес леди” бўлмоқчи.


Уларга қараб миямда фақат бир фикр айланяпти: “Нотўғри қарорларимиз учун биз ҳали кўп жазоланамиз. Тўлайдиган товонимиз эса жуда қимматга тушади”.


Бизга жамиятимизни ёппасига дипломли қилиш нимага керак эди? Саводсизлик, ишсизлик даражасини ошириш учунми?! Кўзи чақнаб турган ёшларни йўқотиш, орзуларини, умрини ўғирлаш, жамиятда ўз ўрнини кечроқ ва тентираб, у девордан-бунисига урила-урила топиши учунми?


Йилига “пачка-пачка” журналист, доктор, актёр, педагог… учирма бўляпти. Лекин уларнинг қўниши учун қўналға борми? Муносиб иш жойи ва муносиб ҳақ (маош) топа оладими? Ва энг муҳими, иш берувчининг ўнлаб талабларига ўзи ҳам жавоб бера оладими? Алал-оқибат, кўчада қолади. Ё ёлланма ишчи бўлиб чет давлатга кетади, ё ўттиз ёшигача яна ўзини қидириш, асли нима истаётганини топиш билан овора бўлади. Ва у ёлғиз ўзи бўлмайди, атрофи ўзига ўхшаганлар билан тўла. Ўзини, касбини тополмаган одам(лар) жамиятга нима бера олади? Агрессия, тушкунлик, боқимандалик…


Айб у болаларда ҳам, давлат олий таълим муассасаларида ҳам эмас. “Талаба бўлолмадингизми? Каллангизда “алиф” ҳам йўқми? Ҳечқиси йўқ! Биз айнан сизга ўхшаган каллаварамларни қидириб юрибмиз, мана бизга ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишга киринг! Қоп-қоп пулингиз бўлса, бас!” дея олишига имкон берган, тўплаган балли асосида бешталаб, ўзи қизиқмаса ҳам битта университетга илиниб қолишига имкон берган “ИМКОН БЕРУВЧИЛАРДА!” Савобли ишингизни охиригача етказинг, энди уларни мўмай даромадли касбда ишлашига ҳам имкон беринг!


Ўзи бизда мақсад борми? Талабадан тортиб тегишли идораларда ўтирганларгача. Нима ўзи мақсадимиз? Билмаймиз! Энг ёмони шунда, бекор эмасмиз, нимадир билан шуғулланиб турибмиз, кунимиз ҳам ўтмай қолмаяпти…


Талабалардан ҳам шу сабаб орзусини сўрадим, мақсадини эмас. Орзуси ҳам, мақсади ҳам – ПУЛ. Тўғри, бой бўлиш айб эмас, лекин у мақсад бўлиши керакми? Шуниси ўйлантиради. Энг кулгилиси эса нима учун ва қандай қилиб деган саволларга жавоби йўқ.


Майли, минглаб демайлик, қаршимда ўтирган йигирма беш нафар ёш тақдирига ким жавоб беради? Мактабми, университетми ё ўзи ҳам мақсадсиз таълим ТИЗИМимизми?


Аниқлашга ёрдам беринг. Кейинги дарс мавзуси – суд очерки.
Очерк эпиграфи: “Нотўғри қарорларимиз учун биз ҳали кўп жазоланамиз. Тўлайдиган товонимиз эса жуда қимматга тушади”.


Севара Алижонова