Ўзбекистонда моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларга бир марталик пластик маҳсулотларни олиб кириш тақиқланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида кўзда тутилган.
Унда қайд этилишича, кейинги йилларда атроф-муҳитнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш бўйича аниқ мақсадга қаратилган ишлар олиб борилмоқда. Бироқ, олиб борилаётган ишлар соҳани тўлалигича қамраб олмасдан тор доира билан чекламоқда. Бундан ташқари, чиқиндиларнинг атроф-муҳит, ер, сув ва ҳавога зарарли оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини инобатга олиб, айрим қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш зарурати юзага келмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун қуйидаги мазмундаги 451-модда билан тўлдирилади: Табиатни тез йўқолиб кетмайдиган маҳсулотлар билан ифлосланишдан муҳофаза қилиш.
Табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ҳудудларга, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларга бир марталик пластик маҳсулотларни (табиий органик полимер маҳсулотлар мустасно) олиб кириш, сотиш ва ишлаб чиқариш тақиқланади. Олиб кириш, сотиш ва ишлаб чиқариш тақиқланган бир марталик пластик маҳсулотларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор қўшимчалар киритилади.
Қуйидаги мазмундаги 914-модда билан тўлдирилади: Бир марталик пластик маҳсулотларни олиб кириш, сотиш ва ишлаб чиқариш
Табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ҳудудларда, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларга бир марталик пластик маҳсулотларни (табиий органик полимер маҳсулотлар мустасно) олиб кириш, сотиш ва ишлаб чиқариш — фуқароларга БҲМнинг 2 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарлик анча миқдордаги қийматда содир этиш, — фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарлик кўп миқдордаги қийматда содир этиш — фуқароларга БҲМнинг 20 бараваридан 25 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 25 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, қуйидаги мазмундаги 1633-модда билан тўлдирилади: Фаолияти натижасида оқова сув ҳосил қилувчи хўжалик юритувчи субъектларини канализация тармоқларига уланмасдан ёки муқобил тозалаш ускуналари билан жиҳозланмасдан фаолият юритиши.
Фаолияти натижасида оқова сув ҳосил қилувчи хўжалик юритувчи субъектларини канализация тармоқларига уланмасдан ёки муқобил тозалаш ускуналари билан жиҳозланмасдан фаолият юритиши — фуқароларга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жамоатчилик муҳокамаси 7-октябргача давом этадиган қонун лойиҳасида қайд этилишича, ушбу қонун инсонга хизмат қилиш муддати кам бўлган, лекин табиатга узоқ муддат давомида салбий зарар етказадиган чиқиндиларни ташланмаслиги орқали атроф-муҳит тозаланишига хизмат қилади.