Ёнғин содир бўлган омборхонанинг катта қисми тадбиркорларга тегишли эканлиги айтилмоқда

Тошкент шаҳридаги “Inter logistiks” МЧЖга қарашли омбор божхона иншооти сифатида талқин қилинмоқда.

Божхона қўмитаси ахборот хизмати маълум қилишича, мазкур омборнинг маълум бир қисми божхона омбори мақомига эга.

Божхона омбори – тадбиркорлик субъектларининг лицензияланадиган фаолият турига киради. Бунда омбор эгаси — тадбиркорлик суъбекти бошқа тадбиркорларнинг Ўзбекистонга олиб келинган товарларини, содда қилиб айтганда, ҳали “растаможка” қилинмаган товарларни ўзаро келишув асосида божхона расмийлаштируви якунлангунига қадар сақлаб туради.

Дунё амалиётида, жаҳон тажрибасида бу каби омборлар божхона омбори деб юритилади. Ҳозирда республикамизда тегишли лицензияга эга 400 га яқин божхона омборлари фаолият юритмоқда.

«Юқоридагилардан келиб чиқиб, божхона омборлари, хусусан ёнғин содир бўлган омбор ҳам божхона органларининг бино ва иншоотлари сирасига кирмаслигини эслатиб ўтамиз», дейилади хабарда.