Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 3-сонли болалар шифохонасида шифокорларнинг лаёқатсизлиги сабабли бемор вафот этгани, муассасада тиббий жиҳозлар ва дори-дармонлар етарли эмаслиги ҳақида хабарлар тарқалди. Шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу воқеа жорий йилнинг январь ойида юз берган бўлиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилиб, унинг натижаси бўйича жавобгарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган. Шифохона моддий-техник базаси эса босқичма-босқич янгиланмоқда.
Хусусан, шифохонада 2023 йил учун дори-дармон харидига 2 миллиард 101 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Таққослаш учун бу 2017 йилга нисбатан 3 баробар юқори кўрсаткич ҳисобланади.