“Док-1 Макс” судининг навбатдаги мажлисида фармацевтларнинг яна бир кирдикори — лабораториядан ўтказиш учун ишлаб чиқарувчилардан олинган дорилар сотилиб, даромад ўзаро тақсимлаб келингани фош бўлди.
Суднинг 2023 йил 27-сентябр куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида шу ҳақда сўз борган.
Суднинг ўша кунги мажлисида сўроқ қилинган “Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази” МЧЖ (мазкур МЧЖ Тошкент фармацевтика институти ҳамда “Тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш маркази” ДУКка қарашли бўлган) собиқ раҳбари М.Ҳ. судья саволларига жавобан лабораториядан ўтказиш учун деб олинган дорилар таниш-билишларга тегишли дорихоналарда сотилганини тасдиқлади.
Терговдаги кўрсатмангизда “2021 йил июнь ойига қадар биз тежаб қолинган дориларни сотиб, беш киши ўртасида тақсимлар эдик. Кейинчалик 2021 йилнинг июнь ойидан бошлаб олти киши ўртасида тақсимлай бошладик. Ҳар ойда 80-100 миллион сўмлик дори воситасини текширувдан олиб қолиб, ўзаро тақсимлаб олганмиз. “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропларининг бир қисми ҳам лаборатория текширувларидан олиб қолиниб, сотиб юборилиб, ўзаро тақсимлаб олинган”, дея кўрсатма бергансиз, шу ҳақда судда ҳам батафсил тушунтириш беринг, деб савол берди судья.
Ушбу саволга жавоб қайтарган судланувчи терговдаги кўрсатмасининг дорини тежаб қолиш ҳақидаги қисми ҳамда “Док-1 Макс”, “Амбронол” сиропларининг бир қисми ҳам лаборатория текширувларидан олиб қолиниб, сотиб юборилгани ва даромад ўзаро тақсимлаб олингани ҳақидаги гапларини тасдиқламаслигини билдирди.
Дорилар ортган ва сотилган, — деди судланувчи судьянинг дорилар сотилиб, даромадлар тақсимланганми, деган саволига қисқа жавоб берар экан.
Судланувчи, шунингдек, орттирилган дориларнинг ўзига тегишли қисмини қайнотасига тегишли ҳовлида сақлаб келганини, шерикларига тегишли дорилар эса ишхонада сақланганини қўшимча қилди.
“Дарё” журналисти қўлга киритган тергов ҳужжатларида қайд этилишича, судланувчи ва унинг шериклари 2021 йил бошидан 2022 йил декабрь ойига қадар ҳар ойда намуна сифатида қабул қилинган дори воситаларининг бир қисмини текширувдан яширинча олиб қолиб, ундан келган даромадни ўзаро бўлишган. 2021 йил июнь ойига қадар 5 киши, кейинчалик 6 кишига етган гуруҳ орттирилган дорилар сотилишидан ойига 80—100 миллион сўм фойда олган. Даромад асосий ходимларга 20 миллион сўмдан, қолганларига 15-12 миллион сўмдан тақсимланган.