Маданият вазири Озодбек Назарбеков 10 нафар санъаткор ҳақида маълумот берувчи портални яратиш ва амалиётга татбиқ этиш учун салкам ярим миллиард сўм маблағ сарфламоқда. Бу ҳақда вазир 2023-йилнинг 15-сентябр куни буйруқ чиқарган.
Таъкидланишича, мазкур порталда давлат мукофотлари билан тақдирланган маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳақида маълумотлар жамланади.
Вазир буйруғига кўра, лойиҳа паспорти ва консепсиясини ишлаб чиқишга 30 миллион сўм сарфланса, лойиҳа техник топшириғини ишлаб чиқиш учун 40 миллион сўм ажратилган. Вазирлик порталнинг ахборот тизими дастурий қисмини ишлаб чиқиш учун 30 кун вақт бериб, бу меҳнат учун 165 миллион сўм маблағ атаган.
Шунингдек яна бир катта харажатлардан бири 85 миллион сўм бўлиб, эвазига ахборот тизими архитектурасини ишлаб чиқиш масъулияти юклатилади. Ахборот тизимини бошқа тизимлар билан интеграция қилишга 60 миллион сўм берилади.
Вазирликнинг узил-кесил тан олишича хизмат кўрсатишнинг умумий қиймати ҚҚСни ҳисобга олмаганда 488 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Қайд этиш керак, вазирлик бунга қадар 15 миллиард 514 миллион 900 минг сўмга 2 та махсус автомобил харид қилингани жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлганди. Ўшанда вазирлик мазкур харид президент қароридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган дея изоҳ берганди.