Европарламентнинг германиялик депутати Виола вон Крамон Страсбургдаги мажлисда иттифоқни Марказий Осиёга яқинроқ бўлишга чақириб, ўзбек халқи Хитой ва Россиядан муқобил демократияга лойиқлигини айтди. Шунда одамлар ҳаётини яхшилаш ва ноёб экотизимни асраш учун кўпроқ иш қила олиш мумкин, деган немис сиёсатчиси.
3 октябрь куни Страсбургдаги Европа парламенти биносида парламентнинг Ташқи ишлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон бўйича навбатдаги муҳокамалар бўлиб ўтди. Мажлисда германиялик сиёсатчи, Европарламент депутати Виола вон Крамон Ўзбекистон ва ЕИ муносабатлари ҳақида нутқ сўзлади ва уни ўзининг Х (Тwitter) саҳифасига жойлади.
“Ўзбекистон ўзининг ёш ва меҳнаткаш аҳолиси, табиий ресурслари ва бой тарихи билан Марказий Осиёда муваффақият тарихига айланиши учун ҳамма нарсага эга. Лекин унинг аҳолиси қийналмоқда, ер ва ресурслари эрозияга учрамоқда.
Хитой ва Россия каби автократик қўшнилари мамлакатни ўзларининг шахсий ўйин майдончаларига айлантириб олган. Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишига кўз юмиб, у билан савдони оширишга қарор қила олмайди. Албатта, пахта далаларида меҳнат шароити яхшиланмоқда, болалар меҳнати тақиқланди. Аммо ҳали олдинда узоқ йўл бор.
Сув ресурслари нотўғри бошқарилмоқда, шаҳарлар заҳарли чангга ботган ва мамлакат қисман чўлга айланмоқда. Агар бу жараёнлар тўхтатилмаса, Ўзбекистоннинг 35 миллиондан ортиқ аҳолисини экологик ҳалокат кутмоқда. Евроиттифоқнинг навбатдаги кенгайиши Ўзбекистонни Иттифоққа анча яқинлаштиради.
Унинг халқи Хитой ва Россияга муқобил демократияга лойиқдир. Европа Иттифоқи Марказий Осиёга яқинроқ бўлиши керак. Шунда одамлар ҳаётини яхшилаш ва Ўзбекистоннинг ноёб экотизимини ҳимоя қилиш учун кўпроқ иш қила олади”, — деган Виола вон Крамон.