Давлат харидлари порталида бир қатор амалдорларнинг давлат бюджети пулларига қимматбаҳо машиналар сотиб олгани ҳақида маълумотлар чиқди.
Жумладан, Андижон вилояти ҳокимлиги 413 млн. сўмга KIA Sportage Style сотиб олган бўлса, Фарғона вилояти ҳокимлиги 223,8 млн. сўмга Tracker-2 харид қилган.
Шунингдек, Давлат геология ахборот маркази 360 млн. сўмга KIA Cerato Luxe, Маданий мерос агентлиги эса 419 млн. сўмга Malibu-2 харид қилган.
Аввалроқ Сирдарё ҳокими барча туманларга Tracker сотиб олиш учун 4 млрд. сўм ажратганди. Тошкент ахборот технологиялари университети ректори эса Рақамли технологиялар вазирига билдирги ёзиб, ўзига янги Equinox сотиб олиб беришни сўраган.
Билдиргида ёзилишича, университет ҳисобидаги 6 та машина эскирган. Жумладан, 4 та Lacetti, 1 та Hyundai Elantra ва 1 та Malibu-2 эскиргани ва шунинг учун кўп бензин сарф қилаётгани ёзилган. (Кўп бензин сарф қилаётган бўлса, биттадан метан қўйиб берса, бўлмасмикан?) Шу мақсадда ректор вазирдан 2 та янги машина олиб беришни сўраган. Вазирлик эса 472,5 млн. сўмлик битта Equinoh харид қилган.
Ҳа, бундай харидлар биз учун одатий ҳол. Амалдорларга давлат томонидан ажратиладиган қимматбаҳо хизмат машиналари, ушбу транспорт воситаларига сарфланаётган харажатлар миқдори ва манбалар биз учун доим баҳсли мавзулардан бўлиб келган. Хизмат машиналари неча йилда эскирган деб топилиши, йиллик йўл босиш лимити неча километр этиб белгилангани, лимитдан фойдаланиш меъёрлари қандай назорат қилиниши, қайси ҳолатларда хизмат машиналаридан шахсий манфаатларда фойдаланилишига йўл қўйилади ҳақидаги саволлар шу пайтгача жавобсиз қолган. Юқоридаги ҳолатда ҳам қайси сабаблардан машиналар эски деган асосга келингани ҳақида бирор расмий маълумот топа олмадик.
Албатта, мансабдорларга хизмат машиналари ажратилиши қонуний. Бироқ солиқ тўловчилар ҳисобидан молиялаштириладиган ҳар қандай давлат органи ўз харажатлари ҳақида жамоатчиликка ҳисоб бериб бориши лозим. Шу ўринда савол туғилади, хизмат машиналари қимматбаҳо, тўлиқ “танировка” қилинган, бензинда юрадиган машиналар бўлиши шартми?