Тошкент метрополитенида икки кун ичида икки марта поездлар ҳаракaти тўхтаб қолди

Бугун, 10 октябр куни ижтимоий тармоқларда «Чилонзор йўналишида йўловчилар кундузги вақтда 9 дақиқадан зиёд поездни кутишмоқда» мазмундаги хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолатларга Тошкент метрополитени матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, жорий йилнинг 9 октябр куни соат 13:00 лар атрофида ҳаракатланиши лозим бўлган 13-сонли ҳаракат таркиби метрополитен ходими томонидан текширилганда, йўловчилардан бирининг шахсий буюми қолиб кетгани аниқланган.

Йўловчилар ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, белгиланган йўриқномага асосан, ушбу поезд текширув йўлагига юборилган.

Бунинг натижасида эса, йўналишдаги поездлар белгиланган жадвалдан бир муддат кечиккан ҳолда ҳаракатланган.

Иккинчи бир ҳолатда эса, метронинг Миллий боғ бекатидаги поезд бузилиб қолган.

Яъни, бугун, 10 октябр куни соат 17:12 ларда Чилонзор йўналишининг «Миллий боғ-Новза» перегони эстакасида ҳаракатланаётган 29-сонли ҳаракат таркибида йўловчилар оқими кўп бўлгани боис техник носозлик ҳолати кузатилган. Натижада, ушбу ҳаракат таркиби 12 дақиқа вақт давомида ҳаракатлана олмаган.

Машинист томонидан ўрнатилган тартибда кўрилган чора-тадбирлар натижасида поезд ҳаракати қайта йўлга қўйилган.

«Йўловчилардан метро хизматидан фойдаланишда ўз шахсий буюмларига эътиборли бўлишларини яна бир бор эслатиб ўтамиз. Бу метро поездлари йўналишларда белгиланган жадвалга асосан ҳаракатланиши учун асосий туртки бўлмоқда» дейилган хабарда.

Маьлумот учун, ҳозирги вақтда барча йўналишларда поездлар ҳаракати белгиланган жадвал асосида амалга оширилмоқда.