Қандай ҳолларда ота-оналардан болалар олиб қўйилади? 10 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамасида мазкур саволга Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Бобурбек Саидбеков жавоб берди.
“Агар ота-она ўз фарзандининг соғлиғига зарар етказаётган бўлса, маҳалла органлари далолатнома тузиб, васийлик органлари билан боғланиб, 7 кун ичида болани улардан олиб қўя олади. Фақат бу ҳақда прокурорни хабардор қилиши керак. 7 кундан кейин судга даъво билан чиқиб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишни талаб қилиши мумкин”, деди Саидбеков.
“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра, эндиликда ўз яқинларидан зулм кўрган болаларга ҳимоя ордерлари берилиши мумкин. Болалар ота-оналаридан олиб қўйилар экан, хўш, қаерга боради?
“Биринчи навбатда, боланинг энг устун манфаатларига мувофиқ келувчи шароит ярата оладиган ота ёки онанинг бириникига жойлаштириш керак. Чунки зўравонлик ҳолатларида ҳар доим ҳам ота, ҳам она айбдор бўлавермайди. Агар бунинг имкони бўлмаса, бола қариндошлариникига ёки болага ғамхўрлик қилиш истагини билдирган бошқа шахсникига жойлаштирилади. Бунинг ҳам иложи бўлмаган тақдирда ваколатли орган ҳисобида турган шахсларникига ё жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга жойлаштириш чораси кўрилади. Боланинг соғлигига зиён етган тақдирда тиббиёт муассасаларига, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мазказларига олиб борилади”, дейди Бобурбек Саидбеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда сўнгги уч йилда 1000 дан ортиқ фуқаролар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.