Президент қарорига кўра, 2024 йил 1 январдан:
— автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланган объектларнинг асосий конструктив элементлари бўйича камида уч йиллик кафолатли хизмат қилиш муддати жорий қилинади;
— йилнинг ҳарорат юқори бўлган вақтларида автомобиль йўлларида юк ташувчи транспорт воситалари ва автопоезд (тиркама)ларнинг (махсус транспорт воситаларидан ташқари) ҳаракатланишига мавсумий чекловлар ўрнатилади.
• 2025 йил 1 январдан янгидан бошланадиган йўл-қурилиш объектларида лойиҳани муҳандислик бошқариш ва техник назорат қилиш ишлари аутсорсинг шартлари асосида Халқаро муҳандислар — консультантлар федерацияси (FIDIC) амалиёти ва ҳужжатларига мувофиқ мустақил ташкилотлар, шу жумладан хусусий сектор томонидан амалга оширилади.
• 2024 йил 1 январдан тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда узунлиги 20 кмгача бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий сектор жалб қилинади.
• Автомобиль йўллари қўмитаси таркибида “Автомобиль йўллари техник ҳолати таҳлили ва ҳаракат хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси ташкил этилади.
• 2024 йилдан хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун бюджет маблағлари фақат “Менинг йўлим” дастури орқали ажратилади.