Фарғона вилояти Фарғона туманида чегарачиларга бўйсунмаган икки фуқаро қурол ўқидан ҳалок бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг 16 октябрига ўтар кечаси Фарғона вилоятининг Фарғона тумани Водил аҳоли пунктида хизмат вазифасини ўтаётган чегара қўшинлари ҳарбийлари томонидан «Бўстон» МФЙ ҳудудидан ҳаракатланиб келаётган маҳаллий фуқаролар А.М. ва О.Ю. исмли шахслар бошқарувидаги транспорт воситаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилганида унинг салонида мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилган товар-моддий бойликлари борлиги аниқланган.
Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида улардан улардан чегара қўшинлари бўлинмасига бориш сўралган. Аммо А.М. ва О.Ю. ҳамда воқеа содир бўлган ҳудуд яқинида йиғилган уларнинг ўн нафарга яқин шериклари спиртли ичимлик таъсирида ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига бўйсунмаган. Бунинг ўрнига улар чегарачиларга фаол қаршилик кўрсатиб, ҳарбийларга нисбатан куч ишлатган.
Оқибатда ҳарбий хизматчилар турли кўринишдаги тан жароҳатлари олган. Қаршилик кўрсатаётган кучлар тенг келмагани боис чегарачилар фуқароларнинг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида огоҳлантирувчи ўқ узишига қарамасдан, улар ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини давом эттирган.
Огоҳлантиришдан тўғри хулоса қилмай, ҳарбий хизматчиларга фаол қаршилик кўрсатишда давом этган фуқароларнинг икки нафари қурол қўлланилиши оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.