Қирғизистонлик депутат қорамол ўғирлашни қиз ўғирлашдан оғирроқ жиноят деб атади

Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутати Мейкинбек Абдалиевнинг фикрича, чорва ўғирлиги оғир жиноят, келин ўғирлаш эса қирғиз миллий одатидир. У 19 октябрь куни парламент йиғилишида қорамол ўғирлиги учун жазони 10 йилгача қамоқ билан кучайтирувчи қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш муҳокамаси чоғида шундай позиция билдирди.

“24.кг” нашрининг хабар беришича, бошқа бир депутат Дастан Бекешев чорва ўғриларини узоқ муддатга қамашга қарши чиққан.

“Агар одам ўғирланган бўлса, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Чорвачилик учун эса 12 йилгача қамоқ жазосини таклиф қилишяпти. Бу нотўғри. Инсон ҳаёти қимматроқ. Турмуш қуриш мақсадида қиз ўғирлаганларга етти йил, чорва молларини ўғирлаганга саккиз йил қамоқ жазоси берилади. Менимча, бу керакциз санкциялар. Ўта шафқатсиз тарзда одам ўлдириш учун ҳам худди шундай жазо назарда тутилган”, — деди Бекешев.
Муҳокама қилинаётган лойиҳа ташаббускорларидан бири бўлган Абдалиев бунга жавобан шундай деди:

“Сиз қиз ўғирлаш ҳақида айтдингиз. Хафа бўлмангу, бу анъана бўлганини билсангиз керак. Қорамол ўғирланади, аёллар эса олиб қочилади, лекин сотилмайди. Уларга уйланишади”.
Ўз навбатида Бекешев, агар қиз ўз хоҳишига қарши ўғирланган бўлса, бу анъана эмас, жиноий ҳаракат, дея эътироз билдирди.

Қирғизистонда қиз ўғирлаш анъанаси ҳақида

Қирғизистонда мустақиллик йилларида қиз ўғирлаш оммалашди. Унинг ўз номи бор — ала качуу ёки “ол ва қоч”. Йигит ва унинг дўстлари кўчада қизни ушлаб, машинага мажбуран миндириб, уйига олиб кетишади. Кўпинча ўғирланган қиз “куёвни” танимайди ҳам. Уйда йигитнинг “ўлжа” билан қайтишини кутиб ўтирган қариндошлар қизни никоҳга рози бўлишга кўндира бошлайди. Жабрланувчилар кўпинча розилик беришади, чунки йигитнинг уйида бўлганидан кейин ота-оналари ёнига қайтиш шармандалик ҳисобланади.

Аксарият қирғизистонликлар қиз ўғирлашни жиноят деб ҳисобламайди, улар учун бу миллий маросимдир. Айни пайтда тарихчиларнинг таъкидлашича, қадимги қирғизларда “ала-качуу” фақат қизнинг севгилиси унинг ота-онаси рози бўлмаганида, ихтиёрий равишда олиб қочишини билдирган.
Мажбурий ўғирлаш зўрлаш билан бир хил сўз — “зордук” деб номланган.
Қирғизистонда ҳар йили юзлаб қизлар ўғирланади. Баъзи ҳолатлар фожиали якунланади.

Энг шов-шувли воқеалардан бири 2018 йилнинг май ойида ўғирлаб кетилган 19 ёшли Бурулай Турдалиеванинг ҳикояси бўлган. Маҳаллий йигитлар қизни мажбуран машинага ўтқазиб, уйига олиб кетмоқчи бўлган, лекин йўлда полиция ходимлари томонидан тўхтатилган. Қўлга олинганлар полиция бўлимига олиб келинганидан сўнг, йигит Бурулайни пичоқ билан ўлдирган ва ўз жонига ҳам қасд қилишга уринган. У тирик қолди, одам ўғирлаш ва қотиллик учун 20 йилга қамалди.
2021 йил апрель ойида 26 ёшли Аизада Канатбекова ўғирлаб кетилган. Икки кундан кейин қиз ва уни ўғирлаганликда гумон қилинган ўлик ҳолда топилди. Хавфсизлик кучларига кўра, улар ўртасида жанжал келиб чиққан ва эркак қизни бўғиб ўлдирган, кейин эса ўзини пичоқлаган.