Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев йўл қоидаларини бузганлик учун жазоларни кескин кучайтириш кераклигини айтди.
Депутатнинг таъкидлашича, йўллардаги мудҳиш воқеалар бугунги ҳаёт воқелигига айланиб улгурди. Жамиятда синизм деб аталмиш феномен кенг томир отмоқда. Қоидабузарлик учун жазонинг муқаррарлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўляпти.
Мана, мисол учун, пойтахтимизда радарлар ва светофорлар ўрнатилган кўчаларда ЙТҲларнинг кескин камайгани қайд этиляпти. Менимча, мамлакатимиз бўйлаб ҳақиқий, халқаро меъёрлардаги автострадалар қурилгунигача ҳозирги магистрал йўлларимизда тезликни 80, 90 километр/соатгача чеклаб, қўшимча фоторадарлар ўрнатилсагина босар-тусарини билмайдиган “лихач”ларимизни тарбияласак бўлади. Улар тўлайдиган жарималарни ҳам дадил, қўрқмасдан бир неча карра кўтарсак, халқимиз бундай қарорларни фақат олқишлаган бўларди, назаримда
“Халқимиз” тушунчасига қонун-қоидага итоаткор ҳайдовчиларимизни ҳам қўшган бўлардим. Негаки, “ўпкаси шишган шумахерлар”дан, бир нарсадан қуруқ қолаётгандек орқадан тақаб келадиган “таъқибчилар”дан улар ҳам безор”, — дейди Одилжон Тожиев.
Унинг таъкидлашича, инсоният тарихи шуни ўргатадики, одамлар умумий қоида ва қонунларни назар-писанд қилмай қўйса, қонунбузарлик учун жазоларни кескин кучайтиришгина самара берган. Айниқса, қонун, қонун устуворлиги, қонунга итоат маданияти энди-энди шаклланиб келаётган жамиятларда.
Бир сўз билан айтганда, йўлларимиздаги бошбошдоқликка чек қўйиш, одамлар ҳаётига зомин бўлаётган ЙТҲларга барҳам беришни кўзлаб, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазоларни кескин кучайтирсак, жазонинг эса муқаррарлигини (замонавий техник воситалар ёрдамида) қатъий таъминласак, мақсадга мувофиқ бўлар эди, — деди Одилжон Тожиев.