Ўзбекистонда аҳолига ажратиладиган микроқарз миқдорини ошириш таклиф қилинмоқда. Бу бўйича Марказий банк қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Унда қайд этилишича, бугунги кунда аҳолининг микромолиявий хизматларга бўлган талабининг ошиб бораётгани уларнинг мазкур хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун шарт-шароитларни қулайлаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шу мақсадда ушбу қонун билан жисмоний шахс бўлган қарз олувчига ажратиладиган микроқарз миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилмоқда. Бунинг натижасида аҳолининг фаол қисми микромолиявий хизматлардан фойдаланган ҳолда ўзини ўзи банд қилиши ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши орқали тадбиркорлик субъектига айланишига эришиш мумкин.
Лойиҳанинг тушунтириш хатида қайд этилишича, микроқарз миқдорини оширишда хорижий давлатларнинг тажрибаси ўрганилди. Хусусан,
Россияда жисмоний шахслар учун ажратиладиган микро қарзлар 500 минг рубль (61 миллион сўм), юридик шахслар учун эса 5 млн рубль (610 млн сўм) ни ташкил этади.
Қозоғистонда ломбардлар томонидан аҳоли учун ойлик ҳисоб-китоб кўрсатгичининг 8 минг баравари (717 миллион сўм), микромолия ташкилотлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларга ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичининг 20 минг баравари (1 794 миллион сўм) миқдорида ажратилади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган нобанк кредит ташкилотларининг сони 169 та бўлса, шундан 85 таси микромолия ташкилотлари, 84 таси эса ломбардлар ҳисобланади.
Нобанк кредит ташкилотлари томонидан кўрсатилган микромолиявий хизматлар миқдори 2023 йилнинг 6 ойи давомида — 3,35 трлн сўмни ташкил этиб, унинг ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 58 фоизга (1,23 триллион сўмга) ошган. Тижорат банклари томонидан эса аҳолига 2023 йилнинг 6 ойида 12,9 триллион сўмлик микроқарзлар ажратилган.
Ҳужжатда таъкидланишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат бюджетидан қўшимча маблағларни талаб этмайди, Ягона порталда жойлаштирилган ва белгиланган тартибда тегишли вазирликлар ва идоралар билан келишилди.
Ўзбекистонда жисмоний шахсларга бериладиган микроқарзлар миқдори сўнгги марта 2019 йилда оширилганди.