Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларда ва маҳаллаларда “нега қўшним молиявий шароити меникидан яхшироқ бўлсада нафақа пулини олади, менга эса рад этилади” деган мазмундаги шикоятларни кўп учратиш мумкин.
Ўзбекистонда 2022 йилда ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида нафақа олганларнинг 5,6% ўзига тўқ ва 12,5% ўрта аҳволдаги оилалар эканлиги анқланган. Шундан келиб чиқиб 2022 йилда жами нафақа олувчи оилаларнинг 18,1% ҳақиқатда ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлмаган оилалар ҳисобланади.
Ўз-ўзидан иккинчи оилада “Нега шароити бир ҳил оилага икки ҳил қаралмоқда?”, “Кимдир бунга тайинлаб берган”, “Тайинлаш учун пул бериш керак” деган маънода норозилик ва тизимга нисбатан ишончсизлик туғилади.
Бунга асосий сабаб, нафақа тайинлангандан кейин оиланинг иқтисодий аҳволи мониторинг қилинмасдан, муддат якунига қадар тўловни амалга ошириш ҳисобланади.
Шу каби ҳолатларни олдини олиш ва жамиятда учраб турган ижтимоий адолатсизлик ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон кўринишда ариза беришни жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу қарор лойиҳасида ушбу камчиликни ечимини кўриш мумкин. Яъни, оиланинг иқтисодий аҳволи автоматик равишда вазирлик ва идоралардан олинадиган электрон маълумотларга мувофиқ ҳар ойда мониторинг қилиб борилади ҳамда иқтисодий ҳолати яхшиланган оилаларга нафақаларни тўхтатиш амалиёти жорий этилмоқда.