Ўзбекистонда ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ЙИМ (ялпи ички маҳсулот)га нисбатан 2 бараварга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.
Сўнгги йилларда баъзи бир ўзига тўқ фуқароларнинг ижтимоий заиф қатламларга мўлжалланган нафақадан фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди. Мисол учун, нафақа олаётган шахслар томонидан мулк (хонадонлар, автотранспорт ва бошқалар) харид қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва ижтимоий нафақаларнинг манзиллигини ошириш ҳамда уни тайинлашдаги адолатлиликни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон кўринишда ариза беришни жорий этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу қарор лойиҳаси билан ижтимоий нафақаларни тайинлаш мезонига қуйидаги ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда:
Биринчидан, нафақа олувчиларнинг даромади ва мол-мулкини ҳар ойда электрон ахборот тизими орқали ўрганиш ҳамда кам таъминланганлик мезонларига тўғри келмайдиган оилаларни реестрдан чиқариш таклиф этилмоқда.
Иккинчидан, бандлик органларида маслаҳат олиш учун мурожаат қилган ишсиз фуқаролар уч ой давомида касбга ўқимаса, ишсиз сифатида рўйхатга олинмаса ҳамда меҳнат фаолиятини расмийлаштирмаса, тўловни тўхтатиш таклиф этилмоқда.
Учинчидан, кредит олган, томорқа ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан шуғулланувчи шахслар солиқ органларида расмий рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги ҳамда хорижда ишлаётган шахслар Давлат персоналлаштириш марказининг электрон маълумотига асосан автоматик равишда бандлигини аниқлаш тартиби жорий этилмоқда.