Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган кўп қаватли уйнинг лифти 9-қаватдан тушаётганда кескин тезлашиб кетган, фақатгина 5-қаватга келганда тормози автоматик ишлаган. Шаҳар ҳокимияти ҳолат сабаб жароҳатланганлар бўлмаганини, уй қуриб битказилганидан кейин текширилмасдан аҳолига фойдаланишга топширилганини маълум қилди.
24 октябр куни Тошкент Шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасида жойлашган янги кўп қаватли уйда лифт юқори қаватдан пастга тезлашиб тушгани, ўша вақтда лифт ичида одамлар ҳам бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
«Лифт 9-қаватдан 5-қаватга қулади, кейин хайриятки, тормоз ишлаб кетди. Лифт ичида одамлар бор эди, ҳамма ҳали ҳам шокда. Ўрганишларга кўра, лифт қурувчи ташкилот ВEК (векбуилдинг.уз) томонидан эксплуатация учун бошқарув сервис компаниясига тақдим этилмаган. Баъзи лифтлар ҳали ҳам ишламаяпти, бошқарув сервис компанияси вакилларининг айтишича, уларда эҳтиёт қисмлар етарли эмас», – дейилади фуқаролардан бири жойлаган постда.
Қўшимча қилинишича, бу уйдан одамлар салкам 3 йилдан бери фойдаланиб келади. Ҳужжатларни расмийлаштириш ва лифтлар масаласи ҳанузгача тартибга солинмаган.
«Сўнгги пайтларда лифтлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тез-тез учраётган вақтда бу ҳолатнинг юзага келиши даҳшатли ва қўрқинчли. Бу вазиятда қурувчи ташкилот билан бўлаётган муаммони ҳал қилиш, ваколатли органлар ёрдам бериши учун қаерга боришимиз керак, айтинг?» – дейилади мурожаатда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бош мутахассиси Гулноза Қосимова лифт қулагани ҳақидаги хабарни тасдиқлар экан, бу вазиятда қурувчи ташкилотнинг айби борлигини таъкидлади. Таъкидланишича, янги қурилган кўп қаватли уй бўлишига қарамай, бино ҳокимият томонидан текшириб қабул қилиб олинмаган.
«Шаҳар ҳам, туман ҳокимияти ҳам бу уйни балансга олиб, қабул қилиб олмаган, қурувчи ундан олдин уйни одамларга сотиб, топшириб юборган. Айни вақт лифт бўйича ташкилотимиз раҳбари ўша ҳудудга юборилган, ҳолат назоратга олинган. Ҳозирда бериладиган аниқ маълумот: вазият сабаб ҳеч ким зарар кўрмаган. Лифтнинг тормоз тизими ишлаб, ҳаммаси жойида бўлган.
Фуқаролар бу ҳолатни қурувчи ташкилотга мурожаат қилиб ҳал этиши лозим. Бугунги ҳолатда ҳеч ким зарар кўрмади дегани бу ҳолат яна такрорланмайди дегани эмас-ку. Қурувчи ташкилотнинг хатоси: одамлар кириб яшашидан олдин ҳаммасини яхшилаб текшириб олиши лозим эди», – дейди у.