Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми белгиланганлиги тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи имзоланди.
Маълумки, бугун юртимизда тиббий хизматлар сифати ва қамровини кенгайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга ошириляпти.
Хусусан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини мутлақо янгича ёндашувлар асосида трансформация қилиш, уни касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Бунинг учун давлатимиз томонидан катта маблағ ва имконият сафарбар этиляпти.
— Сир эмас, авваллари бирламчи тиббий-санитария муассасаларида оилавий шифокор қабулига келган аксарият фуқароларга дори-дармонлар рецепти ёзиб берилар, бу ҳолат сурункали касаллиги бор ва шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморларга, моддий имконияти чекланган оилаларга қийинчилик туғдирарди, — дейди вазирликнинг Тиббий ёрдамни ташкил қилиш департаменти бошлиғи ўринбосари Суннат Сафаров.
— Эътиборлиси, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, туман (шаҳар) марказий шифохоналарида ва туғуруқхоналарда кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхати белгиланди.
Жумладан:
соғлиқни сақлаш муассасаларида кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари (вена ичига, мушак орасига, тери остига инъекциялар қилиш, оилавий шифокор пунктида ташкил қилинган кундузги стационарда тиббий ёрдам кўрсатиш, болаларни бошқарилувчи инфекцияларга қарши эмлаш, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқларига мувофиқ аҳолини профилактик кўриклар ва скрининг текширувларидан ўтказиш, сурункали касалликлари бор аҳолини мунтазам кузатувини амалга ошириш);
тиббиёт муассасаларида кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларига киритилган ташхислар (масалан, юракнинг гипертензив касаллиги, юрак сурункали ишемик хасталиги, ўткир ва сурункали бронхит, сурункали гепатитлар, диффуз буқоқ, бронхиал астма, атопик астма, ўт-тош касаллиги, эпилепсия бўйича мақсадли даволаш);
дори воситалари ва тиббий буюмлар (масалан, аналептиклар, аллергия, қандли диабет, гижжа ва вирусларга қарши ҳамда юрак−қон томир дори воситалари, антибиотиклар, антидепрессантлар, тиббий бинтлар, инфузион системалар билан узлуксиз таъминлаш) каби қатор тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари назарда тутилган.
Ушбу рўйхатга мувофиқ жами 520 та ташхис, 28 та диагностик текширув, 46 та лаборатор таҳлил, 235 турдаги дори воситалари, 27 та оператив даво ҳамда 76 та тиббий буюмлар беморларга давлат ҳисобидан бепул тақдим этилади. Дори воситалари тиббий кўрсатмаларга асосан оилавий шифокорлар томонидан бериладиган рецепт ҳамда тор соҳа мутахассисларининг тавсиясига кўра, белгиланган ҳажмда берилади.
Мазкур хизмат турлари, дори воситалари ва сарфлов материаллари оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, туман (шаҳар) марказий шифохоналари ва туғуруқхоналарда шакллантирилган касалликлар рўйхатига кўра, тасдиқланган клиник протокол ва даволаш-диагностика стандартлари асосида шакллантирилган.
‼️ Ушбу ҳужжат жорий йилнинг 17 октябридан кучга кирган.