Исроилнинг Қуддус ишлари ва мероси бўйича вазири Амикай Элияху ҳарбий можаро ривожланишининг мумкин бўлган сценарийларидан бири Ғазо сектори ҳудудига ядровий бомба ташлаш бўлиши мумкинлигини айтди.
Баёнот расмийлар ва исроиллик сиёсатчилар томонидан қораланган. Шундан сўнг, Элияху уни нотўғри тушунганини ва атом бомбаси ҳақидаги сўз метафора эканлигини билдирди.
«Атом бомбаси метафора эканлиги ҳаммага аён. Лекин биз, албатта, нацистлар ва уларнинг тарафдорларига террорни қабул қилиб бўлмаслигини тушунтириб берадиган кучли жавоб беришимиз керак. Бу демократик давлатлар учун терроризм билан курашиши мумкин бўлган ягона формуладир», деган у.
Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини ҳамон давом эттирмоқда. Исроил ҳаво кучларининг марказий анклавдаги қочқинлар лагерига уюштирган ҳужуми натижасида, Ғазо соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, камида 33 киши ҳалок бўлди.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушда фаластинликлар орасида қурбонлар сони 9448 нафарга етди. Ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда зўравонлик ва Исроил рейдларида 140 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди.