Бухоро тумани, Истиқбол муҳалласидаги Санги савз қишлоғида яшовчи 29 ёшли фуқаро Б.Р.нинг жасади бир неча кундан кейин топилгани айтилмоқда.
Маълум бўлишича, марҳум Б.Р. тадбиркорлик билан шуғулланиб келган. Жорий йилнинг июль ойида маҳалладоши М.Ё. га уйланган ва улар бахтли яшаб келишаётган бўлган. М.Ё. уч ойлик ҳомиласи билан шаҳар касалхоналаридан бирига даволаниш учун ётган. Шу кунларда жуфтлик бири-биридан телефон ёзишмалар орқали хабардор бўлиб туришган.
Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Б.Р. сабабсиз кўринмай қолган. Бу орада М.Ё. касалхонадан қайтган. Б.Р.нинг бир неча кундан бери кўринмай қолгани ҳаммани хавотирга сола бошлаган.
Истиқбол маҳалласи раиси Юнус Сафаровнинг «Хаbаr.uz» га маълум қилишича, Б.Р.нинг жасади 5 ноябрь куни Россия Федерациясида ишлаб юрган опасининг ҳовлисида осилган ҳолда топилган.
«Б.Р. ақлли, эсли, ҳушли, меҳнаткаш бола эди. Тинч, ҳавас қиларли ёш оила эди. Намунали, ибратли оиланинг фарзанди. Ҳаммамиз лол қолдик. Кеча 5 ноябрь куни жасади осиғлиқ ҳолда топилган», — деди Юнус Сафаров.
Воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи чиққан. Жой ҳамда мурда мутахассислар иштирокида кўздан кечирилган ва ўлим ҳолатига ойдинлик киритиш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Маълумот ўрнида: Б.Р.нинг ўзини таништиришни истамаган маҳалладошининг айтишича, у жорий йилнинг 29 сентябрь куни ўзининг инстаграмдаги саҳифасига актёр Морган Фрименнинг: «Бир неча вақт ўтгандан кейин кўз ёш қурийди ва оилангиз овқат ва ичимликлар тайёрлашга киришади. Ўлганингиздан кейин оилангиз дастурхон тузайди, турмуш ўртоғинигиз комедия кўради, фарзандларингиз ишга кетади. Ўзингиз учун яшанг!», дея сўзлаган видеосини жойлаштирган бўлган.