Ғазо секторида Исроилнинг зарбалари ҳар 10 дақиқада бир болани ўлдириб, яна икки нафарини жароҳатлайди. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш агентлиги (UNRWA)нинг ҳисоботида келтирилган.
Қайд этилишича, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш журналистлар учун ўтказилган брифингда Ғазо болалар қабристонига айланиб бораётганини айтган.
Жаҳон ташкилоти раҳбарининг сўзларига кўра, Ғазода ҳар куни юзлаб қиз ва ўғил болалар ҳалок бўлади ва яраланади.
БМТ ва ташкилотнинг гуманитар шериклари 2,7 миллион кишига – Ғазо секторининг бутун аҳолисига ва Ғарбий Соҳилдаги ярим миллион фаластинликларга, шу жумладан Шарқий Қуддусга ёрдам бериш учун 1,2 миллиард долларлик инсонпарварлик ёрдами кераклиги ҳақида давлатларга мурожаат қилган.