Бунга кўпинча радиация, кансерогенлар, гормонал бузилиш, вирусли инфекциялар сабаб бўлиши мумкин. Улар орасида ягона исботланган сабаби радиациядир. Ушбу қўзғатувчилар ҳужайралардаги генлар шикастланишини келтириб чиқаради ва уларнинг мутациясига олиб келади.
Бундан ташқари, ҳужайраларнинг ёмон сифатлига айланишига шакар ўрнини босувчи модда (аспартам), пластмасса ишлаб чиқаришда ишлатиладиган кучсиз ширин ҳидли рангсиз газ (хлорли винил), мобиль телефонларнинг электромагнит радиацияси ва юқори кучланишли электр узатиш линиялари ҳам сабаб бўлади. Шунингдек, айрим ўсма турлари генетик аномалиялар билан ҳам боғлиқ.
Мия саратонининг энг кенг тарқалган белгиси бош оғриғидир. У касалликнинг эрта босқичларида дастлабки сигнал сифатида хизмат қилади. Оғриқ эрталаб, уйғонгандан сўнг, бошни эгиш вақтида ва кескин ҳаракатлар қилишда ҳосил бўлади. Вақт ўтиши билан у доимий тус олиб, ушбу аломатга кўнгил айниши ва қайт қилиш ҳолатлари қўшилади.
Қолаверса, зараланиш қисмига қараб бемор юз нервлари, бутун танаси, оёқ-қўллари сезгирлигининг йўқолиши, бош мия ички босимининг ортиши, кўз қорачиқларининг кенгайиши, ғилайлик, хотиранинг пасайиши, руҳият ва мувозанатнинг бузилиши, кескин озиш каби қатор белгилар кузатилади.
Бош мия саратонини қанчалик самарали бартараф этиш ўсманинг босқичи, тури, жойлашган ўрни ва беморнинг ёшига боғлиқ.
Даволаш жараёнларининг муваффақияти эса икки омил — ўз вақтида ва тўғри ташхис қўйиш билан ўлчанади. Шу боис юқоридаги каби салбий ўзгаришлар кузатилганда, дарҳол шифокорга мурожаат қилиши лозим.