Тожикистон Gallup талқини бўйича дунёнинг энг хавфсиз давлатлари рейтингида Финландия ва Исландияни ортда қолдириб, кутилмаганда биринчи ўринга кўтарилди. Американинг Gallup жамоатчилик фикри институти ўтказган сўнгги тадқиқотига кўра, Тожикистон дунёнинг энг хавфсиз давлатлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади.
2022 йилда 141 мамлакатда ўтказилган тадқиқотда жиноятчилик даражаси ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига ишончни аниқлаш мақсадида 146 мингдан ортиқ киши (ҳар бир мамлакатда камида бир минг киши) орасида сўров ўтказилган.
Тожикистон 96 балл тўплаб, «Қонун ва тартиб» рейтингида Финландия ва Исландия каби давлатлардан ўзиб кетган. Қайд этилишича, сўровда қатнашган тожикистонликларнинг аксарияти маҳаллий полицияга ишонч билдирган ва тунги сайрларда ҳеч қандай хавф-хатар сезмаслигини айтган.
Ўзбекистон 90 балл тўплаб, Дания, Индонезия, Косово, Словения каби мамлакатлар билан тўртинчи поғонани эгаллаган.
Gallup сўровда қатнашган фуқароларни қандай танлаб олгани ва уларга қандай саволлар бергани маълум эмас.
Рейтингнинг сўнгги поғоналарини Африка қитъасидаги Сиерра Леоне (57 балл), Гамбия (56) ва Либерия (49) эгаллаган.