Тошкент шаҳри таркибида Янги Тошкент тумани ташкил этилиши кутиляпти

Қонунчилик палатасининг «Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларининг, шунингдек Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳар таркибида Янги Тошкент туманини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг таклифи қабул қилиниб:

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегаралари ўзгартирилиши;

Тошкент вилояти ҳудудидан 19 729,41 гектар, шу жумладан, Юқори Чирчиқ туманидан 17 323,31 гектар (шундан 11 147,29 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари), Ўрта Чирчиқ туманидан 2 406,1 гектар (шундан 1 758,41 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдонлари Тошкент шаҳри таркибига ўтказилиши;

Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳри таркибига ўтказилган ер майдони, шунингдек, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги «Истиқбол», «Дархон», «Усмонобод», «Навоий», «Жалолтепа», «Ободон», «Гулистон», «Баҳор», «Хван Т.Г», «Яшнобод», «Уч чинор», «Нурафшон», «Миробод», «Файзиобод», «А.Яссавий», «Балиқчи», «Ёшлик», «Тинчлик», «Ийк-ота», «Бирлик» МФЙ ҳудудлари ҳамда «Истиқлол», «Гулобод», «Ўзбекистон», «Наврўз», «Қорасув», «Оқ овул», «Маърифат», «Жумабозор», «Нурли йўл», «Фаровон», «Янги ҳаёт», «Саховат», «Қизилсой» МФЙ ҳудудларининг бир қисми ва Ўрта Чирчиқ туманидаги «Шоликор», «Ўчоқли», «Бунёдкор», «Машъал» МФЙ ҳудудлари ҳамда «Мустақиллик», «Гулобод», «Янгитурмуш» МФЙ ҳудудларининг бир қисми ҳисобидан Тошкент шаҳри таркибида умумий ер майдони 19 729,41 гектардан иборат бўлган Янги Тошкент тумани ташкил этилиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича, чегараси ўзгартирилаётган Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги сайлов округларидан, Ўрта Чирчиқ туманидаги сайлов округларидан сайланган халқ депутатлари Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ туманлари кенгашлари депутатлари халқ депутатлари Янги Тошкент туман кенгаши депутатлари ҳисобланади.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманлари таркибидан ўтказилаётган ерлар уларнинг амалдаги ер фонди тоифалари ўзгартирилмаган ҳолда ўтказилади. Мазкур ерларни бир тоифадан бошқасига ўтказиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари қонунчиликда белгиланган тартибда ўзгартирилишига ёки бекор қилинишига қадар сақлаб қолинади.