Сўнгги 10 кунда айрим истеъмолчиларнинг электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиши натижасида давлат фойдасига 14 миллиард 898 миллион сўм зарар етказилгани аниқланди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабар берди.
Билдирилишича, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция”, Бош прокуратура, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, электр ҳамда газ таъминоти корхоналари мутахассислари билан биргаликда назорат тадбири ўтказган. Натижада ноябрь ойининг биринчи 10 кунлигида табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик билан боғлиқ 1 минг 185 та ҳолат аниқланган.
«11 миллиард 338 миллион сўмлик электр энергияси ва 3 миллиард 560 миллион сўмлик табиий газ талон-торож қилинган. Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи – Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятлари ҳиссасига тўғри келади», дейилади хабарда.