Қандли диабетга чалинганларда буйрак етишмовчилигининг ривожланишини секинлаштириш йўли топилди

Ҳозир дунёда ярим миллиарддан ортиқ киши қандли диабетдан азият чекмоқда. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб, бу касаллик билан оғриган беморлар сони 1,3 миллиард нафаргача етиши мумкин. Бу эса ушбу хасталикдан ногиронлик ҳолатлари ортишига сабаб бўлмоқда.

Олимлар фикрига кўра, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлик оқибатида келиб чиқадиган ортиқча вазн қандли диабетнинг асосий омилдир. Ана шу дардга чалинганларда буйрак ҳужайралари шикастланиб, уларнинг фильтрлаш қобилияти пасаяди. Бу эса охир-оқибат сурункали буйрак етишмовчилиги ривожланишига олиб келади.

Шу аснода буйраклар функциясини сақлаб қолиш учун қатъий ва давомли парҳез ҳамда узоқ муддатли дори-дармонлар муолажаси талаб этилади.

Япония олимлари таркибида бардоксолон метил бўлган препарат сурункали буйрак етишмовчилиги ривожланишини сезиларли даражада секинлаштиришини исботлади.

Ушбу янгилик яқинда АҚШнинг Филадельфия шаҳрида бўлиб ўтган йирик халқаро нефрологлар анжуманида тақдим этилди.

Маълум бўлишича, мазкур клиник тадқиқотнинг 3-босқичида буйрак хасталиги бор қандли диабетга чалинган 1013 нафар бемор иштирок этди. Уларнинг саломатлик кўрсаткичлари уч йилдан кўпроқ вақт давомида махсус кузатув остига олинди.

Шу аснода қўлланилган препарат буйрак функцияси ёмонлашувини самарали секинлаштириши тасдиқланди.

Яъни бардоксолон метил Keap1-Nrf2 сигнал йўлини фаоллаштириши, бу эса ҳужайраларни кислороднинг актив формалари билан шикастланишдан ҳимоя қилиши маълум бўлди. Ўз навбатида, бу препарат юрак учун хавфсиз эканлиги тадқиқот давомида ўз исботини топди.